Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди – FT
Олам
−
09:22
1768Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришгач, Украинага ёрдам беришда давом этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кеча, 20 декабрь куни республикачилар жамоасига таяниб, "Financial Times" (FT) газетаси хабар берди.
Манбаларига кўра, Трамп НАТО аъзоларидан мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишни талаб қилмоқчи.
Музокаралардан хабардор одамлар журналистларга маълум қилишларича, АҚШнинг сайланган президентининг ташқи сиёсатдаги энг яқин ёрдамчилари шу ойдаги маслаҳатлашувлар чоғида Европанинг юқори мартабали амалдорларига унинг позицияси ҳақида маълумот беришган.
"Айни пайтда НАТОга аъзо 32 давлатдан атиги 23 таси ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини ҳарбий эҳтиёжларга сарфлайди. Ушбу харажатларни 5% га ошириш уларни икки баробардан кўпроққа кўтаради", дея эслайди FT.
Трампнинг режалари билан таниш бўлган европалик амалдорлардан бири нашр билан суҳбатда гап ЯИМнинг “уч ёки ундан кўп фоизи” ҳақида кетаётганини таъкидлади. Унинг аниқлик киритишича, Қўшма Штатлар бу мавзуни 2025 йил июнь ойида Гаагада бўлиб ўтадиган Шимолий Атлантика альянси саммитида муҳокама қилмоқчи.
Оқ уйга кўра, АҚШ мудофаа харажатлари 2024 йилда ЯИМнинг 3,1 фоизини ташкил қилади. Трампнинг биринчи муддатининг сўнгги йилида (2020) Пентагон харажатлари 3,4 фоизга етган.
18 декабрь куни Брюсселда НАТОга аъзо асосий давлатлар – Германия, Франция, Буюк Британия, Италия ва Польша вакиллари ҳамда Альянс Бош котиби Марк Рютте Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашув ўтказди. Муҳокаманинг муҳим мавзуси Дональд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Европа хавфсизлик сиёсатининг контурлари бўлди.
Ўз навбатида, Германия канцлери Олаф Шольц 19 декабрь куни Трампга телефон қилди. Ушбу суҳбатдан сўнг, Германия ҳукумати раҳбари журналистларга "АҚШ ва Европа Украинага ёрдам беришда давом этишига тўлиқ ишонганини" айтди.
Владимир Зеленский эса Брюсселдаги Европа кенгаши йиғилишидан кейинги матбуот анжумани чоғида Киев учун АҚШ ва Европа Иттифоқидан биргаликда хавфсизлик кафолатлари муҳимлигини таъкидлади.
"Европа кафолатлари Украина учун етарли бўлмайди. Буни фақат Европа етакчилари билан муҳокама қилиб бўлмайди, чунки биз учун ҳар қандай ҳолатда ҳам – бугун ҳам, келажакда ҳам ҳақиқий кафолатлар НАТОдир, НАТО эса АҚШ ва Европа етакчиларининг қарорига асосланади", деган Зеленский.