АҚШдаги ягона порох заводи портлаб кетгани маълум бўлди
Олам
−
28 Апрель 2023
12028АҚШнинг Луизиана штати Минден шаҳридаги порох заводи 2021 йилда портлаб кетгани маълум бўлди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Қайд этилишича, Миндендаги завод 300 дан ортиқ ўқ-дорилар, жумладан, М16 ўқлари ва 155 мм гаубицалардан тортиб Tomahawk ва бошқа қанотли ракеталар учун порох ишлаб чиқарган. Завод АҚШда ягона бўлиб, у ҳозирда ҳам ёпиқ экани маълум қилинган.
Шривпорт шаҳридан 48 километр узоқликда жойлашган заводнинг портлаши АҚШ Мудофаа тизими таянадиган ягона манбадан айрилаганини англатади. Мамлакат мудофаа таъминоти тизимида шу каби “ягона манба” корхоналар кўп. Масалан, Javelin танкка қарши ракеталари учун ракета двигателларини фақат битта компания ишлаб чиқарса, яна бир заводда гаубицаларда ишлатиладиган барча титан корпуслар чиқарилади.
АҚШ ўқ-дорилар ишлаб чиқариш саноатидаги бундай эҳтимолий тўсиқлар Совуқ урушдан кейинги саноат консолидацияси билан боғлиқлиги айтилмоқда.
Минден заводи ўтган йили ракета моделларини ишлаб чиқарувчи Estes Industries томонидан унинг аввалги эгаси Hodgdon Powder компаниясидан сотиб олинган. Пентагон томонидан Мудофаа ишлаб чиқариш тўғрисидаги қонун орқали тўланган 3,5 миллион долларлик хавфсизлик янгиланишлари тугатилганидан сўнг уни шу ёзда қайта ишга тушириш режалаштирилмоқда. Ҳозирда Мудофаа пудратчилари мавжуд захиралардан ва чет элдан импорт қилинувчи порохдан фойдаланаётгани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Украинани артиллерия снарядлари билан таъминлаш учун Жанубий Кореядан 500 мингта снарядни “ижарага” олмоқчилиги маълум қилинганди.