АҚШда завод портлади. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
11 Октябрь 3984 2 дақиқа
АҚШнинг Теннесси штатидаги портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи Accurate Energetic Systems (AES) заводида кеча, 10 октябрь куни кучли портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, бир неча киши ҳалок бўлган, камида 18 киши бедарак йўқолган, яна тўрт киши шифохонага ётқизилган.
Хамфрис округи шерифи Крис Девис матбуот анжуманида “бир неча одам ҳалок бўлганини” тасдиқлаган, аммо аниқ сонни ошкор этмаган. ОАВнинг таъкидлашича, ҳалок бўлганлар сони бир неча эмас, балки ўндан ортиқ.
AES заводи Нашвилл шаҳридан тахминан 80 километр узоқликда жойлашган. Портлаш жойига қутқарувчилар ва муҳандис-сапёрлар етиб борган. Шерифнинг сўзларига кўра, янги портлаш хавфи ҳануз сақланиб қолмоқда. Портлаш сабаби ҳозирча номаълум.
Маълумот учун, 1980 йилда ташкил этилган Accurate Energetic Systems компанияси портловчи моддалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания сайтидаги маълумотларга кўра, AES маҳсулотлари мудофаа саноати ҳамда фуқаролик соҳаларида ишлатилади.
“The Washington Post” нашрининг ёзишича, AES АҚШ Қуролли кучларига турли ўқ-дорилар, динамит, пиёдага қарши миналар ва йирик калибрли снарядлар учун порох етказиб берган.
Бу заводдаги биринчи портлаш эмас – 2014 йилда ҳам AES корхонасида портлаш бўлиб, ўшанда бир киши ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳат олган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Балужистон шаҳрида кўчадаги портлаш оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлганди. Ҳодиса “бомба ўрнатилган машина” билан боғлиқ бўлиб, 32 киши жароҳат олган. Улар шифохонага ётқизилган.