АҚШда кучли қор бўрони оқибатида 1 млндан ортиқ уй электрсиз қолди (видео)
Олам
−
26 Январь 1931 1 дақиқа
Кеча, 25 январь куни АҚШда юз берган кучли қишки бўрон оқибатида 1 миллиондан ортиқ истеъмолчи электр энергиясиз қолди, 10 мингдан зиёд авиақатновлар бекор қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
PowerOutage.us сервиси маълумотларига кўра, Тошкент вақти билан соат 00:16 ҳолатига 1 миллиондан ортиқ уй-жойда электр таъминоти узилган. Жумладан, Теннесси штатида камида 330 минг, Миссисипи ва Луизиана штатларида эса 100 мингдан ортиқ истеъмолчи чироқсиз қолган. Шунингдек, Техас, Кентукки, Жоржия, Ғарбий Виржиния ва Алабама штатлари ҳам бўрондан зарар кўрган ҳудудлар қаторида қайд этилган.
FlightAware парвозларни кузатиш сайти маълумотларига кўра, АҚШ бўйлаб режалаштирилган қарийб 11 мингта авиақатнов бекор қилинган. Ундан бир кун аввал эса 4 мингдан ортиқ рейс бекор қилинган.
Бундан ташқари, Вашингтондаги Рональд Рейган номидаги миллий аэропорт кеча, 25 январь куни барча рейслар бекор қилинганини маълум қилган. FlightAware маълумотларига кўра, Нью-Йорк, Филадельфия ва Шимолий Каролинадаги Шарлотт каби йирик шаҳарлардаги аэропортларда рейсларнинг 80 фоиздан ортиғи бекор қилинган.