Ҳамкасбини ўлдиргани учун умрбод қамалган маҳбус қамоқхонадан қочиб кетди

Олам

−

image

АҚШнинг Теннесси штатида ҳамкасбини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 28 ёшли Жейкоб Морли қамоқхона панжарасидан ўтиб, қочиб кетди. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари уни қидирмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Теннесси штати Жазони ижро этиш департаментининг маълум қилишича, Морлининг қамоқхонада йўқлиги кеча, 26 октябрь куни соат 23:30 атрофида аниқланган. У штатнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Типтонвилл шаҳрида жойлашган Northwest Correctional Complex қамоқхонасида жазо ўтаётган бўлган.

Хавфсизлик камераларидаги ёзувлар ўрганилганда, Морлининг қамоқхона кийимида қочиб кетгани аниқланган. Бироқ у панжарадан қандай ўтгани ҳақида маълумот берилмаган.

Қамоқхона маъмурияти Морлининг қўлга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 2 500 долларгача мукофот ваъда қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қамоқхона атрофидаги бинолар ва бошқа иншоотларни текширган.

Морли 2022 йилда ҳамкасби Коди Бирчфилдни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бирчфилд бир неча ҳафта давомида бедарак йўқолганидан кейин унинг жасади Морлининг Картер округидаги уйи остидан, қути ичида топилган.

Қотилликдан ташқари, Морли уйга ноқонуний кириш, далилларни сохталаштириш, мол-мулкка зарар етказиш ва ҳибсдан қочиш жиноятлари учун ҳам судланган. 2022 йилда полиция ходимларини уйида кўрган Морли қочиб кетган. Уни таъқиб қилиш Шимолий Каролина штатида якунланган.

Нашрга кўра, Northwest Correctional Complex қамоқхонасида сўнгги йилларда маҳбуслар ва ходимларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳам қайд этилган.

2023 йилда ўтказилган текширувда эса Теннесси қамоқхоналарида қўриқчилар етишмовчилиги аниқланган. Ўша молиявий йилда Northwest Correctional Complex қамоқхонасидаги қўриқчилар штатининг 61 фоизи бўш бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг