АҚШда танасига бомба боғлаган эркак банкдагиларни гаровга олди (видео)

Олам

image

Кеча, 2 июнь куни АҚШнинг Калифорния штатида Бейкерсфилд шаҳри марказида танасига портловчи мослама ўрнатилган эркак Chase банкининг филиалида бир неча одамни гаровга олди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари музокаралар олиб бормоқда ва атрофдаги ҳудудлар эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда “ABC News” хабар берди.

Полиция маълумотига кўра, гумонланувчи Бейкерсфилднинг бизнес марказида, 17-кўча ва Честер-авеню кесишмасида жойлашган банкнинг филиалига кириб келган ва “Ҳамма ерга ётсин!” деб бақирган.

Гувоҳларнинг айтишича, эркак бино ичида тўсқинлик қилиб ўрнашиб олган ва камида бир нафар гаровдаги шахсни ушлаб турибди. Унинг кўкрагига портловчи қурилма маҳкамланган. Шунингдек, гувоҳлар жиноятчи гаровдагиларнинг оёқларига масофадан портлатиш учун сим боғлаганини ҳам билдирган.

Воқеа жойида Бейкерсфилд полициясининг музокарачи гуруҳлари ишламоқда. Вазиятни ҳал қилиш жараёнига АҚШ Федерал тергов бюроси, Ички хавфсизлик департаменти ҳамда спиртли ичимликлар, тамаки, ўқотар қуроллар ва портловчи моддалар назорати бюроси ходимлари жалб қилинган.

Федерал терговнинг махсус музокарачи гуруҳи Лос-Анжелесдан йўлга чиққан ва бир соат ичида етиб келиши кутилмоқда. Ҳозирча гаровга олинганлар сони аниқ эмас, бироқ полиция уларнинг нисбатан хавфсиз ҳолатда эканини билдирмоқда.

Расмийлар банк атрофидаги бир неча квартални мажбурий эвакуация қилди ва уч квартал радиусида транспорт ҳаракатини тўлиқ тўхтатган.

Ҳукумат бинолари яқинлиги сабабли шаҳар мэрияси, маҳаллий полиция бош қароргоҳи ҳам ёпилди, шаҳар архиви эса тўлиқ эвакуация қилинган.

JPMorgan Chase банки воқеа юзасидан баёнот бериб, ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилинаётганини ва асосий эътибор одамлар хавфсизлигига қаратилганини маълум қилган.

Расмийлар аҳоли ва сайёҳлардан марказий ҳудуддан узоқ туришни қатъий тавсия қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи бошида Оқ уйда отишма содир бўлган эди. Ўшанда ҳодиса 15-кўча ва Мустақиллик проспекти кесишмасида юз берганди. Бу жой Вашингтондаги монумент ҳамда АҚШ Капитолий биноси яқинида жойлашган ҳудуд ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

бомба Калифорния

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг