Италияда Биринчи жаҳон урушидан қолган 250 та бомба топилди

Олам

−

image

Италиянинг Доломит тоғларида музликлар эриши оқибатида Биринчи жаҳон урушидан қолган 250 та портловчи қурилма топилди. Улар 100 йилдан ортиқ вақт давомида муз остида сақланган. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Маълум қилинишича, ёз ойларида сайёҳлар тоғларда бир нечта бомба топилгани ҳақида хабар берган. Шундан сўнг Италия армиясининг “Julia” тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи бригадаси Трентино-Алто-Адие минтақасидаги музликлар ва баланд тоғли ҳудудларни текширган.

Текширувлар давомида жами 250 та портловчи қурилма топилган. Улар орасида Италиянинг 18 та 75 миллиметрли артиллерия снаряди ва Францияда ишлаб чиқарилган 37 та миномёт снаряди бор. Франциянинг “Thevetot” русумли ушбу снарядлари Биринчи жаҳон уруши даврида Италия қироллик армиясига ҳам етказиб берилган.

Топилган қуроллар 1915–1918 йилларда Австрия-Венгрия армияси ва Италия қўшинлари ўртасида кечган жанглардан қолган. “Оқ уруш” деб аталган ушбу тўқнашувлар Доломит тоғлари ва Альп тоғларининг бошқа қисмларида, қаттиқ совуқ ҳамда мураккаб тоғ шароитида олиб борилган.

Бергамо университети профессори, Стельвио миллий боғидаги тарихий мерос лойиҳалари координатори Стефано Морозини музликлар эриши натижасида бундай хавфли буюмлар тобора кўпроқ топилаётганини глобал исиш билан изоҳлаган.

Унинг айтишича, сўнгги йилларда ҳар ёз охирида муз остидан портловчи қурилмалар чиқиб қолмоқда ва уларнинг сони ортиб бормоқда. Айрим бомбалар аввалроқ портлаган бўлса-да, кўпчилиги портламаган ҳолда сақланиб қолган. Шу сабабли улар муздан чиққанидан кейин ҳам катта хавф туғдиради.

Мутахассислар сайёҳлар ва альпинистларни тоғларда топилган портловчи қурилмаларга тегмасликка чақирган. Бундай буюмлар аниқланса, улар ҳақида зудлик билан полицияга хабар бериш тавсия этилган.

Музликларнинг эриши натижасида нафақат қуроллар, балки Биринчи жаҳон урушидан қолган бошқа тарихий буюмлар ҳам топилмоқда. 2015 йилда Ломбардия минтақасидаги Скорлуццо тоғида қарийб бир аср давомида муз остида қолган ёғоч казарма очилиб қолган. Унинг ичидан кийимлар, фонарлар, газеталар, откриткалар, тангалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари топилган.

Топилган тарихий буюмларни намойиш этиш учун Бормио шаҳрида “Оқ уруш” музейини 2027 йил июнь ойида очиш режалаштирилган.

Нашрнинг ёзишича, ушбу уруш оқибатида бир миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлган деб ҳисобланади. Бироқ аскарларнинг аксарияти жангларда эмас, балки қор кўчкилари, тоғлардан қулаш ва қаттиқ совуқ туфайли вафот этган деб тахмин қилинади. Сўнгги 15 йил ичида эрийдиган музликлар остида ҳарбий кийимдаги ўнлаб жасадлар ҳам топилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Кёльн шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган бомба топилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг