АҚШда сув тошқинлари ортидан сайлов участкаси ходимлари ҳалок бўлди
Олам
−
06 Ноябрь
3854АҚШнинг Миссури штатида кузатилган сув тошқини оқибатида беш киши, жумладан сайлов участкасининг икки нафар кекса ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Қайд этилишича, Миссурида тўсатдан сув тошқинига олиб келган ёғингарчилик кузатилган. Сув тошқинлари оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган ва уларнинг орасида сайлов участкаси ходимлари ҳисобланувчи эр-хотин ҳам бўлган.
Маълум бўлишича, 70 ёшли эркак ва 73 ёшли аёл сув оқими уларнинг машинасини оқизиб кетганидан тўрт соат ўтиб топилган. Маълумотларга кўра, сўнгги икки кун ичида штатнинг айрим ҳудудларида 20 сантиметргача ёғингарчилик кузатилган.
Миссури округ котиблари ассоциацияси ижрочи директори Кэти Холестин Кэмпбеллга кўра, сайлов участкасининг иш вақтини узайтириш бўйича қарор қабул қилиниши мумкин, бироқ ҳозирча бундай чоралар кўрилмаган.
Маълумот учун, кеча, 5 ноябрь куни АҚШда президентлик сайловлари бошланди. Ушбу сайловларда демократлар партияси вакили сифатида вице-президент Камола Ҳаррис, республикачилар партияси вакили сифатида эса собиқ президент Дональд Трамп мамлакат етакчилиги учун курашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Associated Press” статистикасига кўра, бугун, 6 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 10:15 да Камола Ҳаррис 47,6 % (58,189,071 та), Дональд Трамп эса 51,1% (62,503,007 ) овозга эга бўлгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси