АҚШда полиция яна қора танли эркакка ўқ узди. Мамлакатда намойишлар бошланди

Олам

Жорий йилнинг 23 август куни АҚШнинг Кеноша шаҳрида (Висконсин штати) полиция 29 ёшли қора танли эркакн – афро-америкалик Жейкоб Блейкка ўқ узиб, жиддий жароҳатлади. Гувоҳлардан бири воқеани видеога олди ва интернетга жойлади. Бу ҳақда халқаро ОАВ бонг урмоқда. 

Видеода қора танли киши машинанинг ҳайдовчи ўриндиғи томон юриб кетаётгани, кейин автомобиль эшигина очгани кўринади. Унинг орқасидан тўппонча билан келаётган икки полициячи эса ундан ниманидир талаб қилади. Эркак машина эшигини очганда, полиция ходимларидан бири унинг кўйлагини ушлаб, орқа томондан етти марта ўқ узади. Машина ёнида воқеага гувоҳлик қилган аёллар қичқиради.  

Воқеа юз берган жойда дарҳол қўшнилар тўпланади. Уларга бошқа маҳаллалар аҳолиси ва афроамерикаликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатлари фаоллари қўшилган. 100 га яқин намойишчилар шаҳар полицияси биносига бордилар ва ерда тўсиқларга дуч келдилар.  Расмийлар соат 22:00 дан комендантлик соати эълон қилган, аммо норозилик намойишлари ярим тунгача давом этган. Иштирокчилар учта ахлат ташувчи машинани ёқиб юборишди, бир нечта идораларнинг деразаларини синдириб, суд биносини графити билан бўяшди. Эртаси куни норозилик намойишлари такроран бошланди. Бир неча бинола ёқиб юборилган. Кеношага АҚШ Миллий гвардиясининг қўшинлари киритилган. Кеношадан ташқари бошқа шаҳарларда ҳам намойишчилар кўчаларга чиққани айтилмоқда. 

Полициячининг ўқ узиши оқибатида оғир жароҳатланган Жейкоб Блейк Милуокидаги шифохонага ётқизилган. У жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. Айни вақтда унинг аҳволи барқарор ва у жонлантириш бўлимига олинган. Висконсин штати Адлия департаменти ҳолат бўйича терговни бошлади. Воқеа жойида бўлган икки (бошқа маълумотларга кўра, уч) полиция ходими хизматдан четлатилган. Расмийлар уларнинг исмларини ва отишмадан олдин нима бўлганини ҳозирча ошкор қилмади. Маълум бўлишича, полиция воқеа жойига оилавий жанжал сабаб чақирув орқали келган.  

Блейкнинг оиласи полиция зўравонлиги қурбонлари ҳимоячиси сифатида танилган Бенжамин Крумпни адвокат сифатида ёллашган. Крумпнинг таъкидлашича, Блейк оиладаги жанжални тинчлантиришга ёрдам берган, аммо полициячилар унга қурол ўқталиб, электрошокер билан урган. 

Блейк машинасида ўтирган уч нафар фарзандидан хабар олиш учун борган вақтида полициячилар унга ўқ узгани айтилмоқда. Қоратанли эркакнинг автомобиль ичида бўлган уч, беш ва саккиз яшар фарзандлари отасига қандай ўқ узилганини кўрган.  Бу ҳақда гапираркан, “Бу улар учун бир умрлик жароҳат бўлиб қолади”, дейди адвокат. 

Крампнинг сўзларини гувоҳлар ҳам тасдиқлаган.  Уларнинг маълум қилишича,  Блейк икки аёл ўртасидаги жанжални тўхтатишга уринган,  полициячилар эса электрошокер қўллаган ва ўқ узган.  Воқеани видеога олган Рейзин Уайтнинг маълум қилишича,  Блейк машинада етиб келган ва майса устида ўтирган ўғлининг олдига борган. У ўғлига машинага минишни айтган ва ўзи уйга кириб кетган. Шу пайтда видео муаллифи Уайт деразадан узоқлашган, қайтиб келганида эса полициячилар Блейкнинг бўйнидан ушлаб турганини, уни ураётгани ва электрошокер ишлатаётганини кўрган. Блейк полициячилар қўлидан қутулиб чиққан ва машина томонга юрган. Шу пайтда Уайт тасвирга олишни бошлаган. 

Блейкни даволаш ва юридик ёрдам учун бир суткада 650 минг доллар тўпланган. Қўшиқчи Карди Би, рэпер 50 цент, баскетболчи Леброн Жеймс ва бошқа машҳурлар полиция зўравонлигини тўхтатишни талаб қилган. Бир нечта демократ сиёсатчилар, шу жумладан, АҚШ президентлигига номзод Жо Байден Кеноша полицияси ҳаракатларини қоралаган. Висконсин губернатори Тони Иверс полиция томонидан куч ишлатилишини тартибга солувчи қонунлар тўпламини қабул қилиш учун штат қонунчилик мажлисининг шошилинч сессиясини чақирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 май куни Миннеаполис полицияси афроамерикалик Жорж Флойдни ҳибсга олди. Қўлга олиш пайтида полициячи эркакнинг бўйнини тиззаси билан босиб туради. Флойд “мен бўғиляпман”, деб бир неча марта айтган. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бунга эътибор бермаган. Оқибатда, эркак реанимацияда вафот этган. Бу АҚШда оммавий норозилик ва тартибсизликларни келтириб чиқарди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ

Баҳолаганлар

209

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг