АҚШда асли ўзбекистонлик мухлис Украина байроғи сабаб теннис мусобақасидан чиқариб юборилди 

Спорт 20295
image

Жорий йилнинг 14 август куни АҚШда бўлиб ўтаётган теннис бўйича “Cincinnati Masters” мусобақасида Украина байроғини устига ўраб олган мухлис билан муаммо юзага келган. Бу ҳақда "Insider" нашри ёзмоқда.

Гап шундаки, томошабин икки россиялик иштирок этган учрашувда ўйинчиларнинг бири шикоят қилганидан сўнг, трибунадан четлатилди. 

Асли ўзбекистонлик Америкада истиқомат қилувчи аёл маҳаллий телеканаллардан бирига берган интервьюсида Анна Калинская ва Анастасия Потапова ўртасидаги саралаш ўйинини томоша қилаётганида ҳакам ундан Украина байроғини олиб ташлашни сўраганини айтди. У бу талабни бажаришдан бош тортгач, ўйин тўхтатилган ва ишқибоздан кетишини сўрашган, акс ҳолда полиция чақирилиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.

“Менда Украина байроғи бор эди. Ҳеч қандай ақлдан озган ҳаракатлар ёки ўйинчиларни чалғитадиган бирор иш қилмадим. Байроққа ўралган ҳолда, тинч ва осойишта ўтирдим. Менга Украина байроғи россиялик ўйинчиларни асабийлаштираётгани ҳақида хабар келди. Мен байроқни қўйиб юбормайман, дедим. Улар бир-икки дақиқа ўйнаб туришди, кейин яна ўйин тўхтатилди. Қўриқчи ёнимга келиб, агар кетмасам, полиция чақиришини айтиб, дўқ-пўписа қилди. Шунда мен унга бу ер Россия эмас, Америка Қўшма Штатлари эканлигини айтдим”, деган мухлис.

Мусобақа матбуот котибининг сўзларига кўра, мухлис белгиланган 18х18 ҳажмидан каттароқ байроқ олиб кирган. Бу эса турнир регламентига мувофиқ тақиқланган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 908
Рейтинг: 3
Теглар
t
×