АҚШ янги урушларни режалаштиряпти – Патрушев
Олам
−
10 Январь 2023
13001Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг фикрича, АҚШнинг 2023 йилги бюджетидаги мудофаа харажатлари ҳажми Вашингтоннинг янги урушларни бошлаш режаларидан дарак беради. Бу ҳақда у “Aif.ru” сайтига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“2023 йилги Америка бюджети лойиҳаси Вашингтоннинг ўз фуқаролари фаровонлигига зарар етказадиган янги урушларни бошлаш режаларининг энг яхши далилидир. Режалаштирилган 1,7 триллион долларлик федерал ҳукумат харажатларининг ярми мудофаа учун мўлжалланган – 850 миллиард доллардан ортиғи”, дейди у.
Патрушевнинг таъкидлашича, 45 миллиард доллар фақат Украинадаги жанговар ҳаракатларни давом эттириш ва можаронинг чўзилиши учун ажратиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, у ҳарбий харажатларнинг ошиши қарз юкининг ортиши фонида амалга оширилаётганига эътибор қаратган.
“АҚШнинг ўзи ва унинг тарафдорлари қайтариб бўлмайдиган даражада қарзга ботиб кетмоқда. Америка давлат қарзи 31 триллион доллардан ошди. Англиянинг қарзи – 2,4 триллион фунт стерлинг – Иккинчи жаҳон урушидан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг 101 фоизидан ошди. Қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати бўйича жаҳон рекордини – 2,6 баравардан ортиқ – салкам 10 триллион долларлик давлат қарзи билан Япония ўрнатди”, дейди Патрушев.
У ўзини дунёнинг хўжайини деб билган давлатлар бу қарзларни қайтармоқчи эмаслигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Патрушев ушбу интервьюда Россия Украина билан урушмаётгани, ҳозирги тўқнашув Ғарбнинг украиналиклар қўли орқали Россияга қаршилик кўрсатишга уриниши эканини айтганди.
LiveБарчаси