АҚШ янги божлардан кунига 2 млрд доллар даромад олмоқда – Трамп
Олам
−
09 Апрель
3614Қўшма Штатлар томонидан жорий қилинган тарифлар мамлакатга ҳар куни деярли 2 миллиард доллар даромад келтиради. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 8 апрель куни Оқ уйда маълум қилди.
Трамп 2 апрель куни жорий қилинган тарифларга изоҳ бериб, уларни “ўзаро савдо келишувлари” деб атади. Унинг сўзларига кўра, бу чора-тадбирлар ўз самарасини исботлаган.
“Биз ажойиб натижаларга эришдик, ҳар куни бизнесимизга тахминан 2 миллиард доллар тушади”, деди Президент.
Америка раҳбари, шунингдек, янги шартлар муносабати билан хорижий ҳамкорлар билан музокаралар фаоллашгани ҳақида хабар берди.
“Ҳозир Япония делегацияси шартнома тузиш учун бизга учиб келяпти, Жанубий Корея ҳам келишувга интилмоқда, бошқа давлатлар ҳам худди шундай йўлдан бормоқда”, деб қўшимча қилди у.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт тарифлар эълон қилинганидан бери 70 га яқин давлат Трампга музокараларни бошлаш таклифи билан мурожаат қилганини айтди.
“Мамлакатлар адолатсиз савдо амалиётини йўқ қилиш ва ўз бозорларини АҚШга очиш учун том маънода рақобатлашмоқда”, деб таъкидлади Ливитт.
У, шунингдек, Трамп АҚШ билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган ҳар бир давлат билан индивидуал савдо келишувларини ишлаб чиқишни буюрганини таъкидлади.
Трампнинг янги божлари
2 апрель куни Трамп АҚШнинг ташқи савдо ҳамкорларига (рўйхатга жами 185 та давлат киритилган) нисбатан “ўзаро” божлар жорий этилишини маълум қилди. Божларнинг минимал базавий даражаси 10 фоизни ташкил этди, бироқ бир қатор давлатлар учун божлар АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан савдо тақчиллигига қараб индивидуал равишда ҳисоблаб чиқилган. Масалан, Хитой учун божлар 34 фоизни, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоизни ташкил қилади.
7 апрель куни Трамп, агар Пекин Америка товарларига нисбатан 34 фоизлик жавоб божларини бекор қилмаса, АҚШ маъмурияти Хитойга қўшимча 50 фоизлик бож жорий этишини эълон қилди. У бундай мажбуриятлар 9 апрелдан бошлаб кучга кириши ҳақида огоҳлантирди.
Бунга жавобан Хитой Трамп билан савдо урушида охиригача курашишга тайёрлигини билдирди. Қолаверса, АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари, бизнесмен Илон Маск ҳам шахсан АҚШ Президенти Дональд Трампдан божхона сиёсатини қайта кўриб чиқишни ва улкан импорт божларини жорий қилмасликни сўраганди.
АҚШ эса 9 апрелдан бошлаб Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча 84 фоизлик бож қўллашга қарор қилди. Шу тариқа, Хитой маҳсулотларига нисбатан умумий бож ставкаси 104 фоизни ташкил этади.
LiveБарчаси
Самарқандда даҳшатли авария содир бўлди.
24 Апрель