АҚШ Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий самолётлар ва кемалар юборди
Олам
−
03 Август
4684Эрон таҳдидига қарши АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун қўшимча жанговар самолётлар, шунингдек, баллистик ракеталарга қарши мудофаа қобилиятига эга крейсер ва эсминецларни юборади. Бу ҳақда Пентагон маълумотларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Билдирилишича, АҚШ ва Исроил Мудофаа вазирлари АҚШ кучларини Яқин Шарқда қайта жойлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх вазир Ллойд Остин Эроннинг эҳтимолий ҳужуми бўлган тақдирда Исроилга қўшимча ҳарбий ёрдам юбориш бўйича кўрсатма берганини маълум қилди.
Остин Исроилнинг минтақавий хавфсизлигини таъминлашда иштирок этаётган Америка ҳарбийлари сонини кўпайтириш ва минтақага қўшимча жанговар самолётлар ва ҳарбий кемалар юбориш ҳақида кўрсатма берган.
Шунингдек, АҚШ ҳозирда минтақада фаолият юритаётган USS Teodor Ruzvelt авиаташувчиси ўрнига USS Abraham Linkoln авиаташувчи кемасини жўнатади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “The Wall Street Journal” Эроннинг Исроилга янги ҳужуми апрель ойидагидан кўра кучлироқ ва кутилмаган бўлиши мумкинлиги, чунки Исломий республика ўз режалари ҳақида ҳеч кимга хабар бермаётганини ёзганди.
Зебо Туробжонова