АҚШ ва Украина Саудияда музокара ўтказади
Олам
−
07 Март 4131 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг вакиллари жорий йил 12 март куни Украина делегацияси билан Саудия Арабистонида учрашади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Axios” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, учрашув бўйича келишув жорий йилнинг 5 март куни АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц ва Украина Президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида эришилган.
Учрашувнинг асосий мавзуси Украина уруши ва яқинда АҚШнинг Россия билан бўлган алоқаларидан кейин амалга оширилиши мумкин бўлган қадамлар бўлади. Музокараларнинг тафсилотлари ҳали ошкор этилмаган, аммо нашрнинг ёзишича, бу учрашув тинчликни тартибга солиш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф 6 март куни Саудияда бўлиб ўтадиган учрашувда томонлар потенциал тинчлик шартномаси ва вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш механизмини келишиб олишни режалаштираётганини маълум қилган.
“Биз Украина вакиллари билан учрашувни Ар-Риёдда ёки, эҳтимол, Жидда шаҳрида ўтказиш имкониятини муҳокама қилмоқдамиз”, дейди Уиткофф.
Шунингдек, у Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг 28 февралда Оқ уйдаги муваффақиятсиз учрашувдан сўнг Дональд Трампга юборган хатини “биринчи ижобий қадам” деб атаган.
“Fox News” мухбирининг хабар беришича, Саудия Арабистондаги музокараларда АҚШ делегациясининг таркибида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский Оқ уйга бориб, Дональд Трамп билан учрашган эди. Бироқ учрашув давомида Президентлар ўртасида жанжал келиб чиқди ва музокаралар барбод бўлди.
Live
Барчаси