АҚШ ва Россия ўртасидаги келишувдан кимлар манфаатдор?
Олам
−
17:01 439 3 дақиқа
Россия ва АҚШ ўртасида амалга оширилаётган дизель ёнилғиси савдоси ҳамда кутилаётган ўғитлар бўйича келишувлар Европа иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости ўзининг таҳлилий мақоласида маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, Москва ва Вашингтоннинг Европа Иттифоқига ёрдам бериш учун алоҳида сабаблари бўлмаса-да, ушбу келишувлар жаҳон бозорида ёқилғи ва ўғитлар нархининг барқарорлашишига хизмат қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Россия учун Европа Иттифоқидаги иқтисодий қийинчиликларнинг кучайиши Киевни қўллаб-қувватлаш учун маблағ топишни қийинлаштиради. АҚШ эса Европа билан муносабатларда ўз шартларини ўтказишга интилади. Шу нуқтаи назардан, Россия ва АҚШ ўртасидаги келишувлардан Европа қандай манфаат кўриши мумкинлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.
Дизель бозоридаги вазият
Россия ёздан буён дизель ёқилғиси экспортини вақтинча тўхтатгани жаҳон бозоридаги таклифнинг қарийб 10 фоизга камайишига олиб келган. Бу ҳолат Ҳормуз бўғозининг ёпилиши билан боғлиқ муаммолар фонида ёнилғи таъминотидаги вазиятни янада оғирлаштирган.
Европа Россиядан ташқари манбалардан дизель ёнилғиси харид қилувчи асосий бозорлардан бири бўлгани сабабли ушбу ўзгаришлардан кўпроқ зарар кўрган. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россия хомашёсидан ишлаб чиқарилган, аммо Россия маҳсулоти сифатида таснифланмайдиган ёнилғини импорт қилиш имкониятини ҳам чеклаган.
Таҳлилга кўра, Россия дизелининг АҚШ орқали жаҳон бозорига қайтиши ёқилғи нархларининг пасайишига ёрдам бериши мумкин. Келишув ҳақидаги хабарлар тарқалганидан онданоқ нархларда пасайиш кузатилгани айтилган. Россия дизелининг АҚШга етказиб бериш ҳажми эса ойига бир миллион тоннагача етиши кутилмоқда.
Россия ўғитлари ва Европа бозори
Россиянинг жаҳон ўғитлар бозоридаги улуши қарийб 20 фоизни ташкил этгани сабабли Европа Иттифоқи уларнинг импортига тўлиқ тақиқ жорий этмаган. Бироқ Брюссель божларни ошириш орқали Россия маҳсулотларининг Европа бозоридаги рақобатбардошлигини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг оқибатида Россия ўғитларининг жорий йилдаги савдоси учдан бир қисмга камайгани таъкидланган.
АҚШ эса Россия ўғитларини ҳеч қандай чекловларсиз харид қилишда давом этмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки беш ойида Россиядан АҚШга етказиб берилган маҳсулотларнинг пулдаги қиймати қарийб учдан бир қисмга ошган.
Таҳлилда қайд этилишича, агар Россия ўғитлари АҚШ бозоридаги рақобатчиларни сиқиб чиқарса, улар Европа Иттифоқига қўшимча маҳсулот етказиб бериши мумкин. Шунингдек, АҚШнинг ўзи ҳам Европага ўғитлар экспортини ошириши эҳтимолдан холи эмас.
Бу ҳолат Европа бозорида танловни кенгайтириб, нархларнинг кескин кўтарилишини чеклаши мумкин. Гарчи ўғитлар арзонлашиши кафолатланмаган бўлса-да, нархлар ўсишини секинлаштиришнинг ўзи ҳам иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган фермерлар учун енгиллик бўлиши мумкин.
Европалик фермерларни қандай муаммолар кутмоқда?
Ўғитлар нархининг юқорилиги ва иқтисодий қийинчиликлар келгуси йилги экин экиш мавсумига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Таҳлилда кўплаб фермерлар навбатдаги мавсумгача фаолиятини давом эттира олмаслиги, келгуси йил ҳосили ҳам юқори бўлмаслиги мумкинлиги таъкидланган. Ҳатто, АҚШда ҳам нархлар инқирози экин экиш ишлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун хавф туғдирган. Европа эса бундай муаммолардан янада кўпроқ зарар кўриши мумкин.
АҚШ Россия ўғитларини Европага қайта сотадими?
Россия ва АҚШ ўртасидаги келишувлар Европа учун ижобий натижалар бериши мумкин бўлса-да, вазиятнинг бошқача тус олиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Агар АҚШ Россиядан қўшимча ўғитлар харид қилиш ўрнига, аввал Европа Иттифоқига етказиб берилган маҳсулотларни ўз бозорига йўналтирса, Европа бозорида тақчиллик юзага келиши мумкин. Бу эса нархларнинг янада ошишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати бензин ва дизель ёқилғиси нархини литрига 2,1 рублга оширишни муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Жасмина Муртазоева
Live
Барчаси