Курс UZS

USD

12 909.64

-28.56

EUR

14 908.05

197.32

RUB

159.75

0.24

АҚШ ва Россия Истанбулдаги музокараларни якунлади

Олам

image

Бугун, 10 апрель куни Россия ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги музокаралар Туркиянинг Истанбул шаҳрида қарийб 6 соат давом этди ва якунланди. Учрашувда икки давлат элчихоналари фаолиятини нормаллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Музокаралар якунида томонлар оммавий ахборот воситалари учун баёнот бермаган. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, музокаралар Россиянинг Истанбулдаги Бош консулхонасида Москва вақти билан тахминан соат 10:00 да бошланган ва тушлик учун танаффус қилинган. Россия делегациясига АҚШдаги элчи Александр Дарчиев, АҚШ делегациясига эса Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Соната Коултер бошчилик қилган.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, учрашув икки томонлама муносабатларни тартибга солиш ва нормаллаштириш масалаларига бағишланган. ТАСС манбасига кўра, суҳбат конструктив руҳда ўтган.

Илк бўлиб Россия Бош консулхонаси ҳудудини АҚШ делегациясини олиб кетаётган автомобиль тарк этган. Кутилишича, музокаралар натижалари кейинчалик ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари орқали баён қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбул шаҳрида дипломатик ваколатхоналар фаолиятини нормаллаштириш бўйича Россия-АҚШ маслаҳатлашувларининг иккинчи раунди бошлангани хабар қилинганди.

Жорий йилнинг 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Россиядан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриевдан иборат Россия делегацияси АҚШ вакиллари билан музокара ўтказганди. Учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди. Дмитриев Саудия Арабистонида икки томонлама музокаралар бошланишидан олдин Америка нефть компаниялари Россияга қайтиши мумкинлиги, Кремль ҳам АҚШ билан Арктикадаги қўшма лойиҳалардан манфаатдор эканини айтганди. Кейинчалик Россия Президенти Владимир Путин Кирилл Дмитриевни халқаро иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакил этиб тайинлади.

27 февраль куни Истанбулдаги АҚШ Бош консуллигида Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида 6 соатдан ортиқ вақт давомида ёпиқ форматдаги музокаралар бўлиб ўтди. Америка делегациясига АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер, Россия делегациясига эса Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев бошчилик қилди. Икки давлат вакиллари ўз элчихоналари фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Кейинчалик 6 март  куни Россия Президенти Владимир Путин Украина ва Европа давлатларини ҳайратда қолдирган яқинлашувга раҳбарлик қилиш учун Ғарбни оммавий қоралаши билан танилган фахрий дипломат Александр Дарчиевни АҚШга элчи этиб тайинлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Истанбул Россия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг