АҚШ ва Хитой қурол назорати бўйича музокара ўтказади
Олам
−
02 Ноябрь 2023
3342АҚШ ва Хитой расмийлари собиқ президент Барак Обама давридан бери илк бор қурол назорати бўйича музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Америка ҳукуматидаги манбаларга таяниб. “The Wall Street Journal” хабар берди.
Манбага кўра, учрашув 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтади. Унда АҚШ томонидан Давлат департаментининг юқори мартабали ходими Мэллори Стюарт, Хитой Ташқи ишлар вазирлигидан эса Қурол назорати бўлими раҳбари Сунь Сяобо қатнашади. Музокараларда "нотўғри ҳисоблаш хавфини камайтириш йўллари" кўриб чиқилади.
Нашр суҳбатдошларидан бирининг айтишича, учрашувда америкаликларнинг Хитой вакилига Пекиннинг ядровий доктринаси ва Хитой ядро арсеналини ошириш бўйича ҳаракатлари тўғрисида саволлар бериши кутилмоқда.
Яна бир манбанинг таъкидлашича, режалаштирилган учрашув ўз-ўзидан АҚШ ва Россиядаги каби мумкин бўлган чекловларни ўрнатиш бўйича расмий мулоқот бошланишини англатмайди.
“Америкаликлар АҚШ, Хитой ва Россия иштирок этиши мумкин бўлган беқарорлаштирувчи уч томонлама қуролланиш пойгасини олдини олишга ҳаракат қилиши мумкин”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, октябрь ойида Пентагон Хитойда 500 дан ортиқ операцион ядро каллаклари борлигини, 2030 йилга бориб эса уларнинг сони 1000 дан ошиши мумкинлигини прогноз қилган. Қурол бўйича музокаралар Президент Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида ноябрь ойида Сан-Францискода бўлиб ўтиши кутилаётган учрашув олдидан бўлиб ўтади, аммо Байден маъмуриятидаги манба муҳим тафсилотлар ҳали ҳам ҳал қилиниши кераклигини айтмоқда.
Сўнгги ойларда Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги бир қатор дипломатик алмашинувлар асосан Вашингтоннинг ташаббуси билан амалга оширилган, чунки у АҚШ ҳарбийлари февраль ойида Америка Қўшма Штатлари устидан учиб келаётган Хитойнинг жосусликда гумон қилинган ҳаво шарини уриб туширганидан сўнг, икки давлат ўртасидаги совиб бораётган муносабатларни изга туширмоқчи.
Вашингтонда жойлашган Қуролларни назорат қилиш ассоциацияси ижрочи директори Дэрил Кимболнинг айтишича, бу соҳада узоқ кутилган музокаралар, эҳтимол, ҳар бир мамлакатнинг ядровий доктриналарида ошкораликни ошириш ва инқирозли вазиятларда янада самарали алоқалар ўрнатишга қаратилади.
"Аммо, менимча, биз тез орада ютуқларни кутишимиз керак эмас. Бунинг учун вақт ва икки томондан ҳам ўзаро ён бериш талаб қилинади", дейди Кимбол.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Вашингтонда икки мамлакат ўртасида келишмовчиликлар ҳамда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
LiveБарчаси