Блинкен Ван И билан учрашди. АҚШ Хитой билан муроса йўлини танлайдими?
Олам
−
27 Октябрь 2023
5459АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И икки мамлакат ўртасида келишмовчиликлар ҳамда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда АҚШ департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэтью Миллер маълум қилди.
"Блинкен ва Ван И минтақавий ва глобал муаммоларни, жумладан, [икки томонлама] фарқлар мавжуд бўлган соҳаларни кўриб чиқиш ҳамда ҳамкорлик соҳаларини мустаҳкамлашни муҳокама қилди. Давлат котиби АҚШ ўзи ҳамда иттифоқчилари ва шерикларининг манфаатлари ва қадриятларини ҳимоя қилишда давом этишини яна бир бор тасдиқлади", дейди дипломат.
Миллернинг айтишича, учрашув очиқ алоқа линияларини сақлаш ва АҚШ-Хитой муносабатларини масъулиятли бошқариш бўйича давом этаётган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида ўтказилган. Унинг сўзларига кўра, суҳбат чоғида Блинкен Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгашининг собиқ бош вазири Ли Кэцяннинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Икки давлат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг музокаралари бугун, 27 октябрь куни ҳам давом этади.
Миллер аввалроқ Блинкен ва Ван И Шимолий Кореянинг "қадамлари"ни муҳокама қилмоқчилигини айтган эди. Бироқ у Пхеньян контекстида айнан қандай масалалар муҳокама қилинишига аниқлик киритмаган.
Шунингдек, Ван Ининг АҚШга ташрифининг батафсил дастури эълон қилинмаган. Хитой ТИВнинг маълум қилишича, Ван И 26-28 октябрь кунлари АҚШда бўлади. Худди шу саналардаги учрашувлар давлат департаменти томонидан ҳам тасдиқланган. Аввалроқ АҚШ ҳукумати Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан бугун, 27 октябрь куни Оқ уйда Ван И билан учрашишини маълум қилган эди. Бироқ ХХР Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан учрашув Президент Жо Байденнинг бугунги иш жадвалида кўрсатилмаган.
LiveБарчаси