АҚШ ва Исроил Эроннинг жавобини кутиб, қўшинларини юқори шай ҳолатга келтирди – NYT
Олам
−
06 Апрель
9122АҚШ ва Исроил ҳукумати 1 апрель куни Дамашқдаги Эрон консуллигига уюштирилган ҳужумдан сўнг Теҳрон томонидан эҳтимолий жавоб ҳужумларига тайёр туриш учун Яқин Шарқдаги ўз қуролли кучларини шай ҳолатга келтирди. Бу ҳақда расмийларга таяниб, “The New York Times” (NYT) хабар берди.
Исми ошкор этилмаган исроиллик мулозимнинг сўзларига кўра, расмийлар жанговар бўлинмаларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг таътилларини бекор қилган, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларида хизмат қилиш учун баъзи захирадаги аскарларни чақирган ва GPS сигналларини кузатишни бошлаган.
Икки нафар аноним Эрон расмийсининг нашрга тасдиқлашича, республика Исроил агрессиясини тўхтатиб туриш учун Дамашқдаги ҳужумга тўғридан тўғри жавоб қайтариш керак деган қарор қабул қилингандан сўнг, ўзининг барча қуролли кучларини тўлиқ шай ҳолатга келтирган.
Газета америкалик ҳарбий таҳлилчиларнинг баҳоларига таяниб, Эрон зарбаларининг минтақадаги Америка қўшинларига қараганда, Исроилга қаратилган бўлиши эҳтимоли кўпроқ эканини ёзди. Қайд этилишича, исроиллик экспертлар 2023 йил 7 октябрдан буён мунтазам ўт очишни давом эттираётган Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти Эрон ҳужумида иштирок этишини кутмаяпти. Улар Теҳроннинг тўғридан тўғри жавобига умид қилмоқда.
Маълумот учун, 1 апрель куни Исроил F-35 қирувчи самолётлари ёрдамида Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ракета ҳужуми уюштирган. Ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан генераллар Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ҳоди Ҳаж Раҳимий ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Исроилнинг Эрон консуллиги биносига уюштирган ҳаво ҳужумини кескин қоралаганди. БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида эса БМТ ва баъзи аъзо давлатлар ҳужумни қоралаган бир пайтда, АҚШ Эронни Исроил ва Америка нишонларига ҳужум қилишда айблади. АҚШ Марказий разведка бошқармаси Эрон 48 соат ичида Исроилга кучли зарба беришини тахмин қилди. Исроил ҳукумати эса Эрон таҳдиди туфайли дунё бўйлаб 28 та дипломатик ваколатхонасининг фаолиятини тўхтатди.