АҚШ Ўзбекистонда болалар пахта теримига мажбурланмаётганини олқишлади
Жамият
−
02 Март 2023
4880АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистоннинг “пахта бойкоти”дан халос бўлганини тарихий ютуқ деб баҳолаб, буни бошқа мамлакатларга намуна сифатида кўрсатди.
Бу ҳақда у кеча, 1 март куни Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулидан сўнг журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида гапирган.
“Бу тарихий ютуқ ва бошқа мамлакатларга намунадир. Натижада эса ўзбекистонлик меҳнаткашлар, корхоналар, фермерлар, оилалар ҳаётини сезиларли даражада ўзгармоқда. Иш ҳақи ошди, суистеъмоллик камайди, инвестициялар ортиб бормоқда. Ҳар хил ёшдаги одамлар, жумладан, болалар ҳам оғир шароитда пахта теримига мажбурланмаяпти”, деган АҚШ Давлат котиби.
Шунингдек, у Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳот дастурлари тўлиқ амалга оширилишини қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари ушбу ислоҳотлар нақадар самарали эканлигини кўрсатди. 11 йил давомида 300 дан ортиқ халқаро компаниялар болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат туфайли ўз маҳсулотларида Ўзбекистон пахтасидан фойдаланишдан воз кечгандилар. Ўзбекистон ҳуқумати маҳаллий ва халқаро меҳнат уюшмалари ташкилотлари билан, нафақат янги меҳнат кодексини қабул қилиш, балки уни амалда тадбиқ қилишни таъминлаш орқали ҳам бу қонунбузарликларни бартараф этиш учун иш олиб борди”, дея қўшимча қилган Блинкен.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 10 март куни “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистон пахтасига 2009 йилда жорий этилган бойкотни бекор қилган эди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тарихий воқеа юзасидан муносабат билдириб, бу натижага қийинчилик билан эришилгани, узоқ йиллар ўзбек пахтасининг ўзи оқ, лекин номи “қора” бўлиб юргани, агар сиёсий ирода бўлмаганда, булар амалга ошмаслигини айтган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мижлиси Сенати раиси Танзила Норбоева эса бу тарихий ютуққа давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси билан биринчилардан бўлиб мажбурий меҳнатга, айниқса болалар меҳнатига батамом барҳам бериш бўйича қатъий чоралар кўрилгани сабаб эришилганини айтган эди.
LiveБарчаси