Норбоева ўзбек пахтасига бойкот қайси каромат учун олинганини айтди
Жамият
−
17 Март 2022
16663Хабарингиз бор, жорий йилнинг 10 март куни “Cotton Campaign” коалицияси ўзбек пахтасига қилинган бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор юзасидан бугун, 17 март куни Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева юқори палата ялпи мажлисида изоҳ берди.
Унга кўра, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масаласига етарлича эътибор қаратилмагани боис бундан 13 йил муқаддам “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига халқаро бойкот эълон қилинган. Енгил саноат соҳасида жаҳонда етакчи бўлган 300 дан зиёд брендлар мазкур бойкотга амал қилган. Бу эса мамлакатнинг тўқимачилик ва енгил саноат ривожига ҳамда миллий иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган.
“Тараққиётимизнинг янги даврида давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси билан биринчилардан бўлиб мажбурий меҳнатга, айниқса болалар меҳнатига батамом барҳам бериш бўйича қатъий чоралар кўрилди”, дейди Танзила Норбоева.
Сенат раисига кўра, пахта теримида мажбурий меҳнатни йўқ қилиш учун 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 2021 йилда 4 та қонун, 2 та Президент фармони ва 4 та қарори, 6 та Ҳукумати қарори мустаҳкамланган. Халқаро қоида ва стандартлар амалиётга жорий этилган (ХМТнинг 19 та конвенцияси, шу жумладан 8 та асосий ва 4 та директив конвенцияси ратификация қилинган).
Шунингдек, аграр соҳа, айниқса пахтачилик йўналиши ислоҳ қилинган (кластерлар ташкил этилган, механизациялаштириш даражаси 12 фоизга етган, пахтага давлат буюртмаси бекор қилинган, нархлар эркинлаштирилган). Институционал база ривожлантирилган (ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий комиссиялар, миллий маърузачи). Фуқаролик жамияти институтлари ва ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан тизимли мулоқот ва амалий ҳамкорлик фаоллаштирилган (ХМТ, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро миграция ташкилоти, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, АҚШ Давлат департаменти ва АҚШ Меҳнат вазирлиги, “Cotton Campaign”).
Бундан ташқари, қатъий назорат, мониторинг ва танқидий таҳлил тизими йўлга қўйилган.
“Кўрилган ушбу чоралар ўзининг ижобий натижаларини берди. Кўплаб хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар мамлакатимизда мажбурий меҳнат, жумладан болалар меҳнатига барҳам берилганини эътироф эттди. Энг муҳими яқинда (10 март) “Cotton Campaign” деярли 13 йил давом этган Ўзбекистон пахтасига қарши бойкотни бекор қилди. Бу тарихий воқеа! Ишонч! Эътироф!
Ишонаманки, бу ерда йиғилганлар ушбу эътирофнинг нечоғлик муҳим эканини, бунга осонликча эришилмаганини ҳамда қанчалик катта имкониятлар эшиги очилишини яхши англайдилар”, дейди Сенат раиси.
Танзила Норбоева мазкур натижани қўлга киритишда жонбозлик кўрсатган барча парламент аъзоларига, вазирлик ва идоралар мутасаддиларига, фуқаролик жамияти фаолларига, халқаро ташкилот ва тузилмалардаги дўстларига, журналист, блогерларга миннатдорлик изҳор қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур ҳолатга изоҳ берган эди.
LiveБарчаси