АҚШ суди Google'ни онлайн қидирув соҳасида монополист деб тан олди
Технология
−
07 Август
4588Google онлайн қидирув бозорида устунликни яратиш учун федерал монополияга қарши қонунларни бузгани аниқланди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Колумбия округ суди компания Apple ва Samsung’га ўз қидирув тизимини уларнинг смартфонлари ва браузерларида стандарт вариантга айлантириши учун миллиардлаб доллар тўлаган ва шу билан рақобатчиларнинг имкониятларини чеклаган.
“Гувоҳларнинг кўрсатмалари ва далилларини синчковлик билан кўриб чиқиб, тарозига солиб, суд қуйидаги хулосага келди: Google монополист ва у ўз монополиясини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилди”, деб ёзган округ судьяси Амит Меҳта.
Судьянинг сўзларига кўра, компания томонидан Шерман қонунининг 2-қисми (бир нечта давлатлар ўртасидаги савдо ёки тижоратнинг бирон-бир қисмини монополлаштириш ёки монополлаштиришга уриниш, бошқа шахс ёки шахслар билан бирлашиш, тил бириктириш ноқонуний ҳисобланади) бузилган. Шерман – монополияга қарши қонун бўлиб, АҚШ Конгресси томонидан трастлар, монополиялар ва картелларни тақиқлаш учун қабул қилинган. Унинг мақсади иқтисодий адолат ва рақобатбардошликни ошириш ҳамда давлатлараро савдони тартибга солишдан иборат.
Адлия департаменти Google устидан уч йил аввал судга мурожаат қилган. АҚШ расмийлари, хусусан, компания чекловчи ва рақобатга қарши чоралар кўриш орқали онлайн қидирув ва қидирув реклама бозорида монополияни ноқонуний ушлаб туришини даъво қилмоқда.
Google вакиллари суд қарорига норозилик билдирган ва апелляция беришни режалаштирмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида Америка трансмиллий корпорацияси – Google Chrome браузеридан фойдаланадиган 136 миллиондан ортиқ АҚШ аҳолисининг шахсий маълумотларини ўз ичига олган миллиардлаб фойдаланувчи фаолияти қайдларини ўчириб ташлашга қарор қилганди. Гап шундаки, 2020 йил июнь ойида Google'га қарши жамоавий даъво қўзғатилганди. 2023 йил декабрь ойининг охирида даъвогарлар ва корпорацияни ҳимоя қилувчи адвокатлар даъвони ҳал қилишга ёрдам берадиган келишувга эришилганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Google Исроил билан тузилган шартномадан норози бўлган 28 нафар ходимини ишдан бўшатгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси