АҚШ сенаторлари Алишер Усмоновга қарши санкция жорий қилишга чақирмоқда

Олам

image

АҚШнинг Хельсинки комиссияси раҳбарлари — демократ сенатор Бен Кардин, республикачи сенатор Рожер Уикер ҳамда конгрессмен Жо Уилсон Президент Жо Байден маъмуриятини қамоқда сақланаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни янада фаолроқ қўллашга чақирди.

Хельсинки комиссиясининг Twitter’да эълон қилинган баёнотида унинг раҳбарлари Навальнийнинг соғлиғи ёмонлашгани, унинг ташкилотига қарши қатағон таҳдиди (бу ерда прокуратура экстремистик ташкилот деб таснифлашни талаб қилаётган Коррупцияга қарши кураш фонди назарда тутилмоқда), шунингдек, Россияда 21 апрель куни ўтказилган намойишлар иштирокчиларининг қўлга олиниши ҳақидаги хабарларга эътибор қаратишган.

Комиссия раҳбарларининг баёнотида Россия Президенти Владимир Путинга яқин йирик олигархларга қарши санкциялар белгилашга ҳам даъват қилинган ва уларнинг исм-шарифлари келтирилган.

“Навальний яна Россия қамоғида азоб чекаётган экан, биз энди Владимир Путинга энг яқин кишилар, шу жумладан, Роман Абрамович, Алишер Усмонов, Игорь Шувалов ва Николай Токарёв сингари машҳур олигархларга қарши санкциялар жорий этиш таклифини кўриб чиқишимиз лозим”, дейилган баёнотда.

Номи зикр қилинганларнинг барчаси Навальнийнинг коррупцияга қарши суриштирувлари қаҳрамонлари бўлганди. Коррупцияга қарши кураш фонди номидан, унинг раҳбарларидан бири Владимир Ашурков уларни санкциялар рўйхатига киритишни таклиф қилганди.

Конгрессмен Уилсонга кўра, Кремль ўз хатти-ҳаракатлари билан “Россия халқидан нафратланишини намойиш этмоқда”.

“Бу Владимир Путиннинг ҳокимият тепасида қолишга сўнгги уринишидир, лекин у охир-оқибат муваффақиятсизликка учраяжак”, деган Уилсон.

Қайд этиш керакки, АҚШ президенти Жо Байден Навальнийнинг таъқиб қилиниши сиёсий сабаблар билан боғлиқлигини айтиб, бир неча марта Россия ҳукуматини уни озод қилишга чақирганди.

Алексей Навальний олдига ўзи ишонган шифокорни қўйишларини талаб қилиб, қамоқхонада уч ҳафтадан зиёд очлик сақлади. Жума куни маълум қилинишича, Федерал жазони ижро этиш тизимига бегона врачлар келиб кўрганидан сўнг, у очликни тўхтата бошлаган.

Маълумот учун, Хельсинки комиссияси ёки Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссия АҚШ ҳукуматига оид ташкилот бўлиб, унинг вазифаси ЕХҲТга аъзо мамлакатларда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини кузатишдир.

Комиссия таркибига сенаторлар, Вакиллар палатаси аъзолари ва Президент маъмурияти вакиллари киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Усмонов Владимир Путин Алексей Навальний

Баҳолаганлар

544

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг