АҚШ С-400 ЗРМни сотиб олаётгани учун Туркияга қарши қарор қабул қилди

Олам

image

АҚШ F-35 қирувчи самолётларини бошқаришни ўргатиш дастури бўйича Туркиядан ҳарбий учувчиларни қабул қилишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

АҚШнинг бундай қарорга келишига Туркиянинг Россиядан С-400 зенит ракета мажмуасини (ЗРМ) сотиб олаётгани сабаб бўлди.

Маълумотларга кўра, қарор АҚШга борган турк учувчиларига тааллуқли эмас. Қарор Аризона штати Люк шаҳридаги авиабазага келиши режалаштирилаётган навбатдаги учувчилар гуруҳига тегишли.

АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, айни вақтда Люк авиабазасида тўрт нафар турк ҳарбий учувчилари таҳсил оляпти. Яна икки нафар Туркиядан келган учувчилар америка ҳарбий базасида инструктор сифатида ишлаяпти. Авиабазада ҳарбий самолётларнинг эксплуатациясига жавобгар 20 нафар туркиялик бор. Улар америкалик мутахассислар раҳбарлигида машғулотлар ўтказади.

АҚШ Туркия руслардан С-400 “Триумф” ЗРМни сотиб олмаслиги учун қаттиқ ҳаракат қиляпти. Аввалроқ, Туркия Россиядан бу қуролни сотиб олса, Америка расмий Анқарага F-35 қирувчи самолётларини сотишдан бош тортишини маълум қилганди.

Туркия АҚШга 30 та F-35 қирувчиларини буюртма қилган. Турклар бундай самолётлардан жами 100 та сотиб олиш ниятида.

F-35 – “стелс” технологияси қўлланилган ҳолда ишлаб чиқарилган ва ядровий қуролни таший олишга қодир самолёт ҳисобланади. Мазкур самолёт лойиҳасини яратишда АҚШ билан бирга саккиз давлат: Австралия, Буюк Британия, Дания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия ва Туркия иштирок этган. Шунингдек, Исроил ва Япония ҳам уни сотиб олади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Туркия F-35 С-400

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг