АҚШ Россиянинг сунъий йўлдошга қарши қуроллари ҳақида махфий маълумотларни олди – AP
Олам
−
15 Февраль
13832Америка Қўшма Штатлари Россиянинг сунъий йўлдошга қарши қуроллари ҳақида махфий маълумотларни олди, улар сўнгги ҳафталарда ҳукуматнинг энг юқори бўғини вакилларига етказилди. Бу ҳақда бугун, 15 февраль куни манбаларига таяниб, “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, жамоатчиликка изоҳ беришга ваколати бўлмаган манбалар қурол ҳали ишга туширилмаганини айтган.
Қайд этилишича, бундай қуроллар ҳар соатда миллиардлаб байт маълумотларни узатувчи АҚШ сунъий йўлдошларига жиддий таҳдид солиши мумкин.
Анонимлик шарти билан гапирган Конгресс ходими Россия қуролларининг ядровий салоҳияти бор-йўқлиги номаълум эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, айнан мана шу имконият хавотир уйғотмоқда.
“Associated Press”нинг ёзишича, разведка ходимлари таҳдид жиддий, аммо ваҳима қўзғатмаслиги керак, деб ҳисоблайди.
Ўз навбатида, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг янги қуроллари ҳақидаги хабарларни Конгрессни Украинани қўллаб-қувватлаш учун пул ажратишга мажбурлаш ҳийласи, деб атади.