АҚШ разведкаси Украина Кремлга зарба беришини прогноз қилди

Олам

image

АҚШ ҳарбий разведкаси Украинанинг Кремлга зарба бериши сценарийларини ўрганди. Бу ҳақда Пентагоннинг интернетга тарқалиб кетган ҳужжатларига таяниб, “The New York Times” хабар берди. 

Мудофаа разведкаси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатда тўртта сценарий ва уларнинг Украинадаги урушга қандай таъсир қилиши таҳлил қилинган. Гипотетик сценарийлар Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ўлими, Россия Қуролли кучлари таркибидаги раҳбариятнинг четлатилиши ва Украинанинг Кремлга зарбасини ўз ичига олади.

Ҳужжатга “RELIDO” белгиси қўйилган бўлиб, бу маълумотни фақат тегишли юқори лавозимли амалдоргина хорижий ҳамкорларга бериши мумкинлигини англатади. Шунингдек, унда 24 февраль санаси ва “БИР ЙИЛ” ёзуви  ҳам келтирилган. Бу эса таҳлил тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан бир йил ўтгач, амалга оширилганини кўрсатади.

Тўртта тахминий сценарийлардан бири, агар Украина Кремлга зарба берса нима бўлиши мумкинлиги ҳақида бўлиб, унда потенциал оқибатларнинг кенг доираси аниқланган. Унга кўра, воқеа кескинлашувга олиб келиши мумкин, Путин жамоатчилик норозилигига жавобан кенг кўламли ҳарбий сафарбарликни бошлаб, тактик ядро қуролини қўллаш масаласини кўриб чиқади. Ёки жамоатчилик қўрқуви уни урушни ҳал қилиш бўйича музокара олиб боришига олиб келиши мумкин.

Украинанинг бундай ҳужуми хавфи Қўшма Штатларнинг Киевга узоқ масофали ракеталар беришни истамаслигининг сабабларидан биридир. Байден маъмурияти Украина томонидан Москвага зарба берилиши Россия томонидан кескин эскалацияга олиб келишидан қўрқади.

Ажабланарли тарафи шундаки, АҚШ расмийлари шу пайтгача интернетга сиздирилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини на тасдиқлаган, на рад этган. Пентагон уларнинг қандай қилиб интернетда тарқалиб кетганини ўрганаётганини маълум қилган, холос.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Украина, Яқин Шарқ ва Хитойга нисбатан сиёсатининг асл сабабларини очиб берувчи жами юзга яқин махфий ҳужжат интернетга сиздирилганди. АҚШ расмийлари дастлаб, бунинг ортида Россия турганини айтган бўлса, кейинчалик ҳужжатлар қалбаки эканини таъкидлаганди. Ҳужжатларда Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ ҳаво кучлари учувчиларига Қримга яқин учмасликни буюргани, Россияга санкция киритишдан бош тортган Европадаги ягона давлат — Сербия Киевга қурол етказиб беришга рози бўлгани ёки аллақачон юборгани, АҚШ разведкаси Жанубий Корея расмийларининг телефон суҳбатлари ҳамда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг учрашувлардаги суҳбатларини тинглагани очиқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Кремль Украина Пентагон махфий ҳужжатлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг