АҚШнинг Украина борасидаги махфий ҳужжатлари интернетда тарқалди

Олам

image

АҚШнинг Украина, Яқин Шарқ ва Хитойга нисбатан сиёсатининг асл сабабларини очиб берувчи жами юзга яқин махфий ҳужжат интернетга сиздирилди. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси хабар берди.

Махфий файллар Пентагонга тегишли бўлиб, улар орасида ҳаво ҳужумидан мудофаа тармоғини яратиш режаси ҳам бўлган. Шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Киевга қарши ҳужумга тайёргарлик кўришда қандай ёрдам берилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқланган. Ҳужжатларда кутилаётган қурол-яроғ етказиб бериш жадваллари, қўшинлар ва батальон кучлари фотосуратлари мавжуд бўлган.

Пентагоннинг собиқ юқори мартабали мулозими Мик Мулройнинг айтишича, ҳужжатларнинг тарқалиши Украинанинг ҳарбий режасига тўсқинлик қилиши мумкин. 

“Ошкор бўлган ҳужжатларнинг кўпчилиги қоғозларнинг фотосуратлари бўлганлиги сабабли, бу Украина, АҚШ ва НАТОнинг саъй-ҳаракатларига зарар етказмоқчи бўлган одам томонидан атайлаб интернетга сиздирилганга ўхшайди”, деган Мик Мулрой.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу каби маълумотлар ошкор бўлиши АҚШга катта зарар етказиши мумкин. Ҳужжатларнинг баъзилари нафақат махфий, балки бошқа давлатлар, жумладан, АҚШ иттифоқчиларига кўрсатиш учун ҳам мўлжалланмаган. Бироқ бундай файлларнинг интернетга чиқиши атайин кўзни чалғитиш учун уюштирилган бўлиши ҳам мумкин. 

Манбага кўра, Пентагон ҳозирда вазиятни ўрганмоқда ва ҳужжатларнинг тарқалиши ортида ким турганини аниқлаш учун текширув бошлаган.

“Биз ижтимоий тармоқлардаги ахборотдан хабардормиз ва вазирлик бу масалани кўриб чиқмоқда”, деган Пентагон расмий вакили Сабрина Сингх.

Оқ уй расмийлари ҳужжатларни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлашга ҳаракат қилган, бироқ ҳозирча бунга эриша олмаган. Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск эса бу ҳолатни киноя билан изоҳлаган.

“Ҳа, сиз интернетдан барчасини ўчириб ташлашингиз мумкин – бунинг имкони бор ва сиз яширмоқчи бўлган нарсангиз эътиборни жалб қилмайди”, деб ёзган Илон Маск.

Ўз навбатида, Украина Президентининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк эълон қилинган маълумотларни “фотошоп” эканини, ҳақиқий режалар тез орада жанг майдонида пайдо бўлишини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина махфий ҳужжатлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг