Россияга санкция киритишдан бош тортган ягона Европа давлати унга қарши иш қилгани аниқланди
Олам
−
12 Апрель 2023
27606Украинага бостириб киргани учун Россияга санкция киритишдан бош тортган Европадаги ягона давлат — Сербия Киевга қурол етказиб беришга рози бўлган ёки аллақачон юборган. Бу ҳақда “Reuters” Пентагоннинг махфий ҳужжатига таяниб, хабар берди.
Гап шундаки, Украинанинг ҳарбий тайёргарлик ва қурол-яроғ сўровларига Европа ҳукуматлари жавобларининг қисқача мазмуни акс этган ҳужжат сўнгги ҳафталарда интернетда эълон қилинган махфий ҳужжатлар қаторига киради ва бу АҚШ сирларининг энг жиддий ошкор этилиши бўлиши мумкин.
“Европа Россия-Украина ўртасидаги давом этаётган можарога жавоб” деб номланган ҳужжатда Украинанинг ҳарбий ёрдам сўровига жавобан 38 та Европа ҳукуматининг позициялари кўрсатилган. Жадвалда Сербия Украина кучларига тайёргарлик кўришда кўмаклашишдан бош тортгани, аммо қурол жўнатиш мажбуриятини олгани ёки аллақачон етказиб бергани кўрсатилган. Шунингдек, ҳужжатда Сербия келажакда Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш учун сиёсий ирода ва ҳарбий салоҳиятга эга экани таъкидланган.
Ҳужжатга NOFORN белгиси қўйилган бўлиб, бу уни хорижий разведка хизматлари ва ҳарбийларга тарқатишни тақиқлайди. Ҳужжатга Бирлашган штаб бошлиқлари идорасининг муҳри босилган ва 2 март санаси келтирилган.
Маълумки, Сербия Президенти Александр Вучич мамлакатнинг Россия билан чуқур тарихий, иқтисодий ва маданий алоқаларига қарамасдан, Украина урушида бетараф қолишини эълон қилган эди. Бироқ интернетга сиздирилган ҳужжатлар Россияга қарши иш кўрилганини англатади.
“Агар бу ҳужжат тўғри бўлса, бу Вучичнинг Россияга нисбатан иккиюзламачилигини кўрсатади ёки у Украинага қурол етказиб бериш учун Вашингтон томонидан катта босим остида қолган”, дейди Жеймстаун жамғармасининг Шарқий Европа ташқи сиёсати институти эксперти Януш Бугайски.
Сербия Мудофаа вазирлиги эса бундай маълумотлар ҳақиқий эмаслигини даъво қилган. Сербия Мудофаа вазири Милош Вучевич Белград на Киевга, на Москвага қурол сотмагани ва сотмаслигини маълум қилган.
"Биз бу ёлғонни 10 мартадан кўпроқ рад этдик, яна такрорлаймиз. Сербия на Украина, на Россия томонига, шунингдек, можаро зонаси атрофида жойлашган қўшни давлатларга қурол сотмаган ва сотмайди. Шубҳасиз, кимдир Сербияни ушбу можарога жалб этишни мақсад қилиб қўйган, бироқ биз доимий равишда тасдиқланган сиёсатимизга амал қиламиз”, деган вазир.
Шунингдек, у серб қуроллари можаро зонасига “баъзи сеҳрли йўллар билан” кириб қолиш эҳтимолини ҳам истисно қилмаган. Бироқ бунинг Сербияга ҳеч қандай алоқаси бўлмаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси