АҚШ “Путиннинг ошпази”га тегишли “Вагнер”ни террорчига чиқармоқчи

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден маъмурияти Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясини террорчи ташкилот деб белгилаш керак ёки йўқлигини кўриб чиқмоқда. АҚШ ушбу ташкилотнинг Африка ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, “Вагнер”ни террорчи ташкилот сифатида эътироф этиш борасида якуний қарор чиқарилмаган. Ҳозирча муҳокамалар давом этмоқда. Ҳарбий ташкилотни террорчи деб номлаш АҚШга унинг аъзолари ва активларини таъқиб қилиш имкониятини беради.

Россия жорий йилнинг 24 февралида Украина ерларига бостириб киргач, “Вагнер” ҳарбий ҳаракатларда жуда фаол иштирок этди. Гуруҳнинг раҳбари Евгений Пригожин Украинадаги урушнинг тарафдори ва Россия Президенти Владимир Путиннинг асосий иттифоқчисига айланди. Пригожин “Путиннинг ошпази” сифатида танилган. Сабаби унинг асосий фаолияти ресторан бизнеси бўлган. У Президент Владимир Путин иштирокидаги кечки овқатларни ташкиллаштирган.

АҚШ Давлат департаментининг вакили “Вагнер” борасидаги мунозараларни тасдиқлашдан бош тортган. Бироқ АҚШ Россиянинг Украинага урушида айбдорларни жавобгарликка тортишда давом этади. Россия ҳукумати ўтмишда “Вагнер” билан ҳар қандай алоқасини рад этган.

Пригожин ва “Вагнер” аллақачон АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан санкцияланган. Бироқ гуруҳ куч ва таъсирга эга бўлишда давом этмоқда.

“Путиннинг ошпази” узоқ вақт давомида хусусий ҳарбий ташкилотга асос солганидан бош тортиб келган. Ниҳоят, жорий йилнинг сентябрь ойида Пригожин биринчи марта “Вагнер”га асос солганини тан олди. Унинг таъкидлашича, гуруҳ Сурия, Лотин Америкаси ва Африкадаги ҳарбий ҳаракатларда фаол бўлган. Пригожин “Вагнер”ни ватаннинг устуни деб атаган.


Мақола муаллифи

Теглар

“Вагнер” Евгений Пригожин

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг