АҚШ осмонида яна номаълум жисм пайдо бўлди. Бу ҳам Хитойнинг ишими?
Олам
−
11 Февраль 2023
14505Америка Қўшма Штатлари ҳарбийлари мамлакат бўйлаб учиб ўтган Хитой шарини уриб туширганидан бир ҳафта ўтмасдан, Аляска устида яна номаълум учар жисм аниқланди. Кеча, 10 февраль куни F-22 қирувчи самолёти бу объeктни ҳам уриб туширди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, объектни Пентагон биринчи марта 9 февраль куни ер радарлари ёрдамида аниқлаган. Кейин уни текшириш учун F-35 самолётлари юборилган. Жисм тахминан 40 000 фут (12 190 метр) баландликда шимоли-шарқий йўналишда учиб юрган ва бу фуқаролик ҳаво ҳаракати учун хавф туғдирган. Объект Алясканинг шимоли-шарқида, Канада чегараси яқинидаги музлаган АҚШ ҳудудий сувлари устида уриб туширилган.
Шунингдек, катталиги кичик машинага тенг бўлган мазкур учар жисмнинг кимга тегишли экани ва унинг парвози қаердан бошлангани ҳозирча аниқ эмас. Пентагон ва Оқ уй маъмурияти ҳам объект ҳақида батафсил маълумот беришдан бош тортган. Фақатгина уни Хитой шаридан анча кичик эканини айтган.
“Биз исталган вақтда бирор нарсани аниқласак, биринчи навбатда уни текширамиз. Кейин қарор қабул қиламиз ва маъқул ҳаракатни амалга оширамиз. Ҳар бир ҳолатда алоҳида ечимлар қабул қиламиз. Бу ҳолатда эса жисм фуқаро қатнови тизимига хавф туғдираётган эди. Шунинг учун ҳам Президент уни уриб туширишни буюрди ва биз буни қилдик”, деган Пентагон матбуот котиби генерал Патрик Райдер.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 февраль куни Пентагон Монтано штатининг Биллингс шаҳри устида Хитойга тегишли ҳаво шари кузатилганини, шардан разведка мақсадида фойдаланилганини айтганди. Бироқ Хитой тарафи бу шар илмий мақсадларда ишлатилгани, шамол туфайли йўналишини ўзгартирганини айтиб, АҚШни провокацион ҳаракатларда айблаган эди. Америка эса бунга ишонмай, ҳаво шарини уриб туширган ва уни текшириб, разведка мақсадида фойдаланилганини маълум қилган эди. Бироқ Хитой АҚШнинг айбловларини рад этиб, шарга нисбатан куч ишлатилгани учун АҚШ жавоб беришини айтганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси