АҚШ олимлари иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди
Олам
−
14 Октябрь
1780Америкалик олимлар Дарон Ажемоглу, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсон 2024 йилги иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Нобель қўмитаси ўз қарорини бугун, 14 октябрь куни эълон қилди.
Мукофот Ажемоглу, Жонсон ва Робинсонга институтлар қандай шакллангани ва уларнинг фаровонликка қандай таъсир қилиши ҳақидаги тадқиқотлари учун берилди.
Дарон Ажемоглу Истанбулда арман оиласида туғилган, Галатасарой лицейини тамомлаган, Йорк университетида бакалавр, Лондон Иқтисодиёт мактабида магистр ва докторлик даражасини олган.
Саймон Жонсон Британиянинг Шеффилд шаҳрида туғилган, Оксфордни тамомлаган, Манчестер университетида магистрлик даражасини ва Массачусетс технология институтида докторлик даражасини олган. Жеймс Робинсон Британия фуқароси бўлиб, Лондон Иқтисодиёт ва Сиёсат фанлари мактабида бакалавр, Уорвик университетида магистр ва Йел университетида докторлик даражасини олган.
Ажемоглу ва Жонсон ҳозирда Массачусетс технология институтида, Робинсон эса Чикаго университетида.
Дарон Ажемоглу ва Жеймс Робинсон, бошқа нарсалар қатори, машҳур "Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари" китобининг ҳаммуаллифи.
2023 йилда иқтисод бўйича Нобель мукофоти Клаудия Голдинга меҳнат бозоридаги аёлларнинг аҳволи ҳақидаги тадқиқоти учун берилди.
Голдин 200 йиллик маълумотларни тўплаб, аёлларнинг даромадлари ва ўша вақтдаги меҳнат бозоридаги иштироки ҳақида тўлиқ маълумот берди, даромад ва бандлик даражасидаги гендер фарқлари қандай ва нима учун ўзгарганлигини таҳлил қилди. Унинг тадқиқотлари меҳнат бозоридаги доимий гендер тафовутининг сабабларини тушунтиради.
Голдин, шунингдек, туғилишни назорат қилиш таблеткаларидан фойдаланиш меҳнат бозорида муҳим роль ўйнаганлигини ва аёлларга кўпроқ мартаба имкониятларини беришини кўрсатди.
Бошқа фанлар бўйича Нобель мукофоти совриндорлари
2024 йилда америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гари Равкан “микроРНКларни кашф этгани ва ген экспрессиясини транскрипциядан кейинги тартибга солишдаги роли” учун тиббиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди.
"Сунъий нейрон тармоқлардан фойдаланган ҳолда машинани ўрганиш асосидаги фундаментал кашфиётлар ва ихтиролар" учун физика мукофоти америкалик Жон Хопфилд ва канадалик Жефри Хинтонга берилди.
Кимё бўйича Нобель мукофоти америкалик Дэвид Бейкерга, шунингдек, британиялик Демис Хассабис ва Жон Жумперга оқсил тузилишини ўргангани учун берилди. Адабиёт мукофоти ғолиби жанубий кореялик ёзувчи Хан Ганг бўлди, тинчлик мукофоти эса Япониянинг Хиросима ва Нагасаки атом бомбаси портлашлари қурбонлари ташкилотлари кенгаши Нихон Хиданкёга берилди.