Тинчлик бўйича Нобель мукофоти ҳам Осиё вакилига берилди
Олам
−
11 Октябрь
56042024 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотига ядро қуролидан холи дунёга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун Япониянинг Nihon Hidankyo уюшмаси - ядровий қуролсизланиш учун курашаётган Хиросима ва Нагасаки атом бомбалари қурбонлари ташкилотларининг Япония кенгаши лойиқ кўрилди. Бу ҳақдаги қарор бугун, 11 октябрь куни Норвегия пойтахти Ослода Нобель қўмитаси томонидан эълон қилинди.
Қўмита вакилининг таъкидлашича, ядровий давлатлар салоҳиятини ошириб, қурол-яроғини такомиллаштираётган бир пайтда Nihon Hidankyo ядро арсеналига эга бўлмаган дунёни тинимсиз ҳимоя қилишга интилмоқда.
Бу йил Тинчлик учун Нобель мукофотига 286 номзод, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари, Рим Папаси Франциск ва британиялик табиатшунос Дэвид Аттенборо номзоди илгари сурилган. БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (UNRWA), Халқаро суд ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам фаворитлар қаторига қўйилганди. Букмекерлик идораларининг севимлилари эса қамоқда вафот этган россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальный ва Украина Президенти Владимир Зеленскийдир. Бироқ Навальный тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирлана олмайди, чунки у вафотидан кейин берилмайди.
Тинчлик учун Нобель мукофотининг олдинги лауреатлари
2023 йилда Тинчлик учун Нобель мукофоти эронлик ҳуқуқ фаоли Наргиз Муҳаммадийга Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши кураш ҳамда барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилиш учун берилган эди.
2022 йилда ушбу мукофот Россия, Беларусь ва Украина ҳуқуқ ҳимоячиларига берилди: Россиянинг “Мемориал” инсон ҳуқуқлари жамияти, Украина фуқаролик эркинликлари маркази ва Беларуснинг “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази асосчиси Алесь Беляцкий.
2021 йилда Тинчлик бўйича икки Нобель мукофоти совриндорларидан бири “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов эди. У билан бирга мукофот филиппинлик журналист Мария Рессага топширилди. Муратов ва Ресса “демократия ва матбуот эркинлиги тобора ноқулай шароитларга дуч келаётган дунёда” ушбу идеал учун курашаётган барча журналистлар вакили сифатида таърифланган. Муратов Тинчлик учун Нобель мукофотига сазовор бўлган учинчи россиялик бўлди. Ундан олдин у физик ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаровга ва СССРнинг ягона президенти Михаил Горбачёвга берилган эди.
Нобель ҳафталиги давом этмоқда
Жорий йилнинг 7 октябрь куни физиология ва тиббиёт йўналиши бўйича совриндорлар номи эълон қилингани билан Нобель ҳафталиги очилди. Мукофот Виктор Амброс ва Гари Равкунга микро РНКларни кашф этгани учун берилди. 8 октябрь куни америкалик Жон Хопфилд ва канадалик Жефри Хинтонга “сунъий нейрон тармоқлардан фойдаланган ҳолда машинани ўрганиш асосидаги фундаментал кашфиётлар ва ихтиролари” учун физика бўйича 2024 йилги Нобель мукофотига лойиқ кўрилди.
9 октябрь куни эса америкалик Дэвид Бейкер ва британияликлар Демис Хассабис ва Жон Жампер 2024 йилги кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Олимларга мукофот сунъий интеллектдан фойдаланиб, оқсиллар тузилишини аниқлагани ва янги турларни яратишдаги ишлари учун тақдим қилинди. Жумладан, икки қисмга бўлинган мукофот Демис Хассабис ва Жон Жамперга сунъий интеллектдан фойдаланиб, деярли барча маълум бўлган оқсилларнинг тузилишини аниқлай олгани учун, Дэвид Бейкерга эса бутунлай янги оқсилларни яратишга имкон берувчи ишлари учун тақдим қилинган.
10 октябрда 2024 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти жанубий кореялик ёзувчи Хан Ганга берилди. Хан Ган 1970 йилда Кванжу шаҳрида туғилган. Унинг гўшт истеъмол қилишни тўхтатишга қарор қилган аёл ҳақида ёзилган “Вегетариан” романи 2016 йилда “Маn Booker” халқаро мукофотига сазовор бўлган.
14 октябрда эса Швеция банки томонидан 1968 йилда таъсис этилган иқтисод бўйича Альфред Нобель мукофоти лауреати номи эълон қилинади.
Мукофотлар 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда
Беш хил Нобель мукофоти (физиология ва тиббиёт, физика, кимё, адабиёт ва тинчлик мукофоти) динамит ихтирочиси Альфред Нобелнинг иродаси билан таъсис этилган ва 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда. 1969 йилдан бошлаб, Швеция банки ташаббуси билан Иқтисодиёт фанлари бўйича Нобель мукофоти норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти деб ҳам аталади. Тинчлик учун Нобель мукофоти Норвегия пойтахти Ослода, қолганлари Швеция пойтахти Стокгольмда топширилади.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь