Кимё бўйича Нобель совриндорлари аниқланди

Олам

image

Америкалик Дэвид Бейкер ва британияликлар Демис Хассабис ва Жон Жампер 2024 йилги кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда мукофотни топширувчи Стокгольмдаги Қироллик Каролинска тиббий-жарроҳлик институти хабар берди.

Олимларга мукофот сунъий интеллектдан фойдаланиб, оқсиллар тузилишини аниқлагани ва янги турларни яратишдаги ишлари учун тақдим қилинди. Жумладан, икки қисмга бўлинган мукофот Демис Хассабис ва Жон Жамперга сунъий интеллектдан фойдаланиб, деярли барча маълум бўлган оқсилларнинг тузилишини аниқлай олгани учун, Дэвид Бейкерга эса бутунлай янги оқсилларни яратишга имкон берувчи ишлари учун тақдим қилинган.

Умуман олганда, 1901 йилдан бери кимё бўйича Нобель мукофоти 115 марта берилган. 2023 йил ҳолатига кўра, у 192 лауреатга топширилди. Фредерик Сенгер (1958 ва 1980) ва Барри Шарплесс (2001 ва 2022) икки марта мукофотланганидан бери 190 киши мукофот олди. Энг ёш лауреат француз Фредерик Жолио-Кюри (1935 йилда 35 ёш), энг ёши каттаси америкалик Жон Гуденаф (2019 йилда 97 ёш) бўлиб қолмоқда.

Кимё бўйича Нобель мукофоти 11 миллион швед кронасини (тахминан 900 минг евро) ташкил этади.

Кимё бўйича ўтган Нобель мукофоти совриндорлари

2023 йилда уч нафар америкалик олим кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Улар – Мунги Бавенди (Массачусетс технология институти), Луис Брюс (Колумбия университети) ва россиялик Алексей Иванович Екимов (Nanocrystals Technology Inc). Мукофот уларга квант нуқталарини кашф этгани ва синтез қилгани учун берилган.

2022 йилда америкаликлар Каролин Бертоцци ва Барри Шарплесс, шунингдек, даниялик Мортен Мельдаль молекулаларни яратиш воситаларини ишлаб чиқиш учун кимё бўйича Нобель мукофоти лауреатлари бўлди. Мукофот уларга клик кимёси ва биоортогонал кимё усулларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун топширилган.

2021 йил учун кимё бўйича Нобель мукофоти ғолиблари германиялик Беньямин Лист ва Британияда туғилган америкалик олим Дэвид Макмилландир. Улар ушбу мукофотга ассиметрик органокатализни ривожлантириш учун сазовор бўлган.

Нобель ҳафталиги давом этмоқда

Жорий йилнинг 7 октябрь куни физиология ва тиббиёт йўналиши бўйича совриндорлар номи эълон қилингани билан Нобель ҳафталиги очилди. Мукофот Виктор Амброс ва Гари Равкунга микро РНКларни кашф этгани учун берилди. Кеча, 8 октябрь куни америкалик Жон Хопфилд ва канадалик Жефри Хинтонга “сунъий нейрон тармоқлардан фойдаланган ҳолда машинани ўрганиш асосидаги фундаментал кашфиётлар ва ихтиролари” учун физика бўйича 2024 йилги Нобель мукофотига лойиқ кўрилди.

Эртага, 10 октябрда эса адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари номи эълон қилинади. 11 октябрь куни Ослода Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати, 14 октябрда эса Швеция банки томонидан 1968 йилда таъсис этилган иқтисод бўйича Альфред Нобель мукофоти лауреати номи эълон қилинади.

Мукофотлар 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда

Беш хил Нобель мукофоти (физиология ва тиббиёт, физика, кимё, адабиёт ва тинчлик мукофоти) динамит ихтирочиси Альфред Нобелнинг иродаси билан таъсис этилган ва 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда. 1969 йилдан бошлаб, Швеция банки ташаббуси билан Иқтисодиёт фанлари бўйича Нобель мукофоти норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти деб ҳам аталади. Тинчлик учун Нобель мукофоти Норвегия пойтахти Ослода, қолганлари Швеция пойтахти Стокгольмда топширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Нобель мукофоти Стокгольм Демис Хассабис Дэвид Бейкер Жон Жампер Кимё бўйича

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made