АҚШ нега Европага қўшимча куч киритяпти?
Олам
−
03 Февраль 2022
7759АҚШнинг Шарқий Европа давлатларига қўшимча ҳарбий кучларни жойлаштириши аниқ бир разведка маълумоти ёки муҳим ҳодиса билан алоқадор эмас. Бу ҳақда АҚШ Президенти Матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.
“Бу қарор охирги 48 соат ёки бир неча кун ичида содир бўлган воқеа муносабати билан қабул қилинган деб ўйламаган бўлардим. Биз бир неча ҳафтадан бери бу ҳарбийлар жойлашган минтақадаги иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашмоқдамиз”, дейди у.
Псакининг таъкидлашича, АҚШ Президенти Жо Байден аввалроқ Америка томони “ҳар қандай тажовузнинг олдини олиш ва ундан ҳимояланиш учун кучлар мувозанатини тўғрилашга” тайёрлигини айтган эди.
“Россия Федерациясининг Украина атрофида вазиятни юмшатиш бўйича мумкин бўлган қадамлари Американинг Европадаги ҳарбий мавжудлиги даражаси бўйича АҚШ қарорларига таъсир қилади. Шубҳасиз, агар Россия кескинликни пасайтиришга қарор қилса ва вазиятни юмшатиш учун қадамлар қўйса, бу минтақанинг ушбу қисмида кучлар мувозанати қандай бўлиши кераклигига таъсир қилади. Агар (Россия Президенти Владимир) Путин кескинликни пасайтириш чораларини кўрса, бу бизнинг ҳисоб-китобларимизга таъсир қилади”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 февраль куни Пентагон яқин орада Германиядан Руминияга 1000 га яқин америкалик аскарни, шунингдек, АҚШдан Германия ва Польшага яна 2000 га яқин аскарни жойлаштириш нияти борлигини эълон қилди.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси