АҚШ Марказий Осиёдаги тадбиркорларга россиялик ҳамкорлари билан алоқани узиш зарурлигини уқтирди
Олам
−
28 Февраль 2023
14075Қўшма Штатлар Россияга қарши санкцияларнинг амалга оширилишини диққат билан кузатиб боради, бироқ айни пайтда Россия Федерацияси билан ўзаро алоқада бўлган, шу жумладан Марказий Осиёдаги компаниялар учун енгилликни қабул қилади. Бу ҳақда бугун, 28 февраль куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен қозоғистонлик ҳамкасби билан Остонадаги қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз санкциялар ижросини диққат билан кузатиб боряпмиз. Ва биз қатор давлатлар, жумладан, C5+1 форматидаги ҳамкорларимиз билан боғлиқ иқтисодий оқибатлар ҳақида музокаралар олиб бормоқдамиз”, дейди у.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар санкциялар остида қолган Россия компаниялари билан ўзаро алоқада бўлган компанияларга махсус рухсатномалар беради. Унга кўра, бундай рухсатномалар компанияларга ўз фаолиятини қисқартириш ва россиялик ҳамкасблар билан алоқаларни тўхтатиш учун зарур.
“Бу калитни алмаштириш каби осон эмас. Биз буни бизнесингизга зарар келтирмайдиган тарзда қилиш учун баъзан вақт кераклигини тушунамиз”, дейди АҚШ Давлат котиби.
Унинг таъкидлашича, Вашингтон Украинадаги вазиятнинг салбий оқибатларини ҳисобга олади ва уларни минималлаштириш ва юмшатиш, шунингдек, АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳамкорлари учун “янги имкониятлар” яратиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
Эслатиб ўтамиз, у ушбу матбуот анжуманида Хитой Россиянинг Украинага қарши босқинида Москвага ёрдам берса, АҚШ Пекинга қарши санкциялар жорий қилишини айтган эди.
Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи
Кеча, 27 февраль куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен илк расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Бугун, 28 февраль куни у Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди. Учрашув чоғида республика раҳбари АҚШ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини айтди.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 28 февраль куни Қозоғистон пойтахти Остонада C5+1 форматида энергетика, иқтисодиёт ва терроризмга қарши кураш масалалари, шунингдек, халқаро муаммолар, жумладан, Украина атрофида вазиятни муҳокама қилди.
C5+1 формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама механизми ҳисобланади. У 2015 йилда иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун ташкил этилган. Қозоғистондан кейин Давлат департаменти раҳбари бугун, 28 февраль оқшомида Тошкентга келади. 1 март куни Нью-Деҳлига жўнаб кетади.
LiveБарчаси