Блинкен Хитой ва у билан ош-қатиқ давлатларни огоҳлантирди
Олам
−
28 Февраль 2023
13054АҚШ Россиянинг Украинага қарши босқинида Москвага ёрдам берса, Хитойга қарши санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда бугун, 28 февраль куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен қозоғистонлик мавқедоши Мухтор Тлеуберди билан Остонадаги қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз Хитойга бундай ёрдам кўрсатилса, уни кутаётган оқибатлар ҳақида жуда аниқ айтдик. Биз, шубҳасиз, санкцияларимизни бузган ёки Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда бошқа йўл билан иштирок этган хитойлик компаниялар ёки шахсларга нисбатан чора кўрамиз”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, агар Хитой Россия Федерациясига қурол-яроғ билан ёрдам беришга қарор қилса, Пекиннинг АҚШ ва дунёнинг бошқа мамлакатлари билан муносабатлари “жиддий муаммоларга” дуч келади.
“Бир томондан Хитой тинчлик таклифларини бера олмайди, иккинчи томондан эса Россия ёққан олов алангасини ушлаб туролмайди. Хитой буни жиддий қабул қилади деган умиддаман”, дея қўшимча қилди Блинкен.
18 февраль куни Блинкен Хитой Украинада фойдаланиш учун Россияга қурол етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётганини даъво қилди. Ўз навбатида, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати вакили Набила Масрали ҳамжамият Пекин Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатаётгани ҳақида далилларга эга эмаслигини таъкидлади. Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер, шунингдек, АҚШ ҳарбийлари Хитойдан Россияга қурол-яроғ ўтказилишини қайд этмаганини айтди, бироқ унинг департаменти Пекин бундай имкониятни истисно қилмаслигига ишонади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ТИВ Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича таклифлар киритилган ҳужжатни эълон қилган эди. Унда 12 банд, жумладан, ўт очишни тўхтатишга чақириш, хавфсизлик соҳасидаги барча мамлакатларнинг қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, Украинадаги гуманитар инқирозни ҳал қилиш, Москва ва Киев ўртасида ҳарбий асирларни алмашиш, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қарорисиз бир томонлама санкцияларни қўллашни бекор қилиш каби бўлимлар бор.
LiveБарчаси