АҚШ Қобулдан қўшинини чиқаришни бошлади

Олам 4569
image

АҚШ Афғонистон пойтахти Қобулдаги ҳарбийлари сонини қисқартиришни бошлади. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби кеча, 28 август куни маълум қилди.

“Биз қайтишни бошладик”, деган у, айни вақтда қанча АҚШ ҳарбий хизматчиси Қобулда қолаётганини очиқлашдан бош тортиб.

Ўз навбатида брифингда қатнашган генерал Хэнк Тейлор АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан ватандошларини, бошқа давлат фуқаролари ва афғонларни эвакуация қилиш операцияларини давом эттираётганини қўшимча қилган.

Операцияни якунлаш 31 авгутсга режалаштирилган. Тейлорнинг сўзларига кўра, эвакуация рейларида одамлардан ташқари, баъзи ҳарбий техника ва ускуналар ҳам олиб кетиляпти.

“Reuters” агентлигига кўра, Қобулда АҚШнинг 4 мингдан камроқ аскари қолмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан  "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 88
Рейтинг: 3
Теглар
t
×