АҚШ Қирғизистондан Афғонистондаги ҳарбийлари учун жой сўради
Олам
−
23 Август 2021
13573Америка Қўшма Штатлари ўз ҳарбийларини Афғонистондан Қирғизистонга ўтказиш масаласида Бишкекка мурожаат қилди, бироқ расмий форматдаги ҳамкорлик масаласи ҳали йўқ. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев “Tengrinews” нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
Вазирга кўра, Қирғизистон Вашингтон билан терроризмга қарши курашиш борасида жуда катта ҳамкорлик тажрибасига эга. Казакбаев 2000 йиллар бошида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари "Манас" аэропорти авиабазасида жойлаштирилганини эслатган.
"АҚШ томонидан турли даражадаги мурожаатлар, консултациялар бўлган. Аммо Афғонистондаги вазият ҳар куни ўзгариб туради ва ҳозирда бундай форматдаги ҳамкорлик масаласи ҳали йўқ", дейди вазир Қўшма Штатлар Бишкекка америкалик ҳарбий хизматчиларни Афғонистондан ўтказишни таклиф қилганми, деган саволга жавоб берар экан.
Май ойида “Wall Street Journal” газетаси эса манбаларга таяниб, Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларига Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшинларини жойлаштиришни сўраши мумкинлиги, аммо ҳали ҳеч қандай келишувлар йўқлиги ҳақида маълум қилганди.
Маълумот учун, 2001 йилда 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ Қирғизистонда ҳарбий базасини жойлаштирганди. База Бишкек яқинидаги “Манас” халқаро аэропортида барпо этилган. 2009 йилгача аксилтеррор кучлари авиабазаси сифатида фойдаланилган. 2014 йилгача эса АҚШнинг транзит парвозлари маркази бўлган. База 2014 йил июлда тўлиқ ёпилган.
LiveБарчаси