АҚШ Исроилни “Ҳизбуллоҳ” билан урушдан қайтаряпти

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Исроилга “Ҳизбуллоҳ”га қарши уруш бошламаслик учун босим ўтказмоқда. Бу ҳақда исми ошкор этилмаган Исроил ҳукумати амалдорига таяниб, “The Times of Israel” хабар берди.

Қайд этилишича, Оқ уй жанглар блокададаги Ғазо секторидан ташқарига ҳам тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Нашр суҳбатдошига кўра, Қўшма Штатлар шахсий учрашувларда ва оммавий чиқишларда “Ҳизбуллоҳ” ва Эронни Исроилнинг шимолий фронтида уруш бошламаслик ҳақида огоҳлантирган.

“Шунингдек, АҚШ Исроилни “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларига жавоб беришда эҳтиёт бўлишга чақирмоқда”, дейди манбалар. 

Билдирилишича, Вашингтон Исроил армиясининг Ливандаги хатоси каттароқ урушга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Огоҳлантиришларга қарамасдан Исроил Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га тегишли объектларга ҳужум қилишда давом этмоқда. Хусусан, бугун, 19 октябрь куни ҳам Исроил армияси Ливан билан чегарада “Ҳизбуллоҳ” нишонларига зарба бергани ҳақида хабар берилди.

“Бир кун аввал Исроил чегараси Ливан томонидан ўққа тутилган эди. Бунга жавобан Исроил армияси Ҳизбуллоҳ позицияларига, жумладан, Ливан ҳаракати кузатув пунктига зарбалар берди”, дейилади Исроил армияси баёнотида.

Айни пайтда  Исроил билан тўқнашувларда “Ҳизбуллоҳ”нинг икки аъзоси ҳалок бўлгани айтилмоқда.

“Таҳа Аббос ва Али Муҳаммад Мермер Ливан жанубидаги Айтарун ҳудудида исроиллик кучлар билан тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлди”, дейилган “Ҳизбуллоҳ” баёнотида.

Маълумот учун, Исроил-Ливан чегарасидаги вазият Исроилнинг блокададаги Ғазо секторига кенг кўламли ҳарбий амалиётлари фонида ёмонлашган. Сўнгги пайтларда чегаранинг бу қисми Исроил армияси ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги ўзаро ҳужумлар саҳнасига айланган. 8 октябрдан бери “Ҳизбуллоҳ”нинг Ливан-Исроил чегарасида йўқотишлари 12 кишини ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни ҳам Исроил ҳарбий вертолётлари Ливан ҳудудига ҳужум уюштирган. 13 октябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Байрутда “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашиб, Фаластин-Исроил можаро зонасидаги вазиятни муҳокама қилган. Айнан шу куни Насруллоҳнинг ўринбосари Найим Қосим “Ҳизбуллоҳ” жангчилари ҲАМАСга қўшилиб, Исроилга қарши жангга кириши мумкинлигини айтди. Эртаси куни Исроил мудофаа кучлари Ливаннинг жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” позицияларига яна зарба берди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch Исроил Ливан ва Ғазо секторига қарши ҳарбий амалиётлар чоғида оқ фосфор ишлатганини маълум қилди. Зиддиятли тўқнашувлар фонида Ливан жанубидаги Эн-Накура шаҳридаги БМТ тинчликпарвар миссияси қароргоҳига ракета келиб тушди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг