АҚШ, Исроил ва ҲАМАС гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга яқин – WP
Олам
−
19 Ноябрь 2023
3628АҚШ, Исроил ва ҲАМАС жангларда беш кунлик танаффус эълон қилиш ва гаровга олинганларни озод этиш бўйича келишувга яқин турибди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Маълум қилинишича, можаронинг ҳар икки томони ҳарбий амалиётларни камида беш кунга тўхтатиб туриши эвазига гаровга олинганларни қўйиб юбориш бўйича музокараларнинг ижобий якунига яқинлашмоқда. Унда 239 нафар гаровга олинганларнинг дастлабки 50 нафари ёки ундан кўпроғи озод қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳеч қандай ҳужумларсиз беш кунлик танаффус вақтида Ғазо секторига Миср ҳудудидан гуманитар ёрдам, жумладан, ёқилғи етказиб беришни сезиларли даражада ошириш учун ҳам сўровлар юборилган. Нашрга кўра, 5 кунлик пауза вақтида гаровга олинганлар ҳар 24 соатда навбат билан озод қилинади.
Аниқлик киритилишича, мазкур ҳужжат Доҳада АҚШ, Исроил ва ҲАМАСнинг Қатардаги вакиллари иштирокидаги маслаҳатлашувда келишиб олинган. Бироқ Исроилнинг ҳужумларни вақтинча тўхтатиб туриш бўйича позицияси сўнгги соатларгача ноаниқлигича қолиши мумкин.
Шу билан бирга, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Исроилнинг ҳар қандай қарорини қўллаб-қувватлаган ҳолда танаффус ва асирлар алмашинуви бўйича бўлажак келишувни маъқуллашини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 ноябрь куни ҳам Исроил мудофаа кучлари гуманитар мақсадларда Ғазо сектори жанубидаги Миср билан чегарадош Рафаҳ шаҳрида жанговар ҳаракатларни тўрт соатга тўхтатганди.
LiveБарчаси