АҚШ иккинчи хоними Гренландияга боради
Олам
−
24 Март
7517Таркибида АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнснинг рафиқаси Уша Вэнс ҳам бўлган Америка делегацияси 27-29 март кунлари Гренландияга боради. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати тарқатган баёнотда сўз боради.
Қайд этилишича, 27 март куни Уша Вэнc ва унинг ўғли АҚШ делегацияси билан Гренландияга тарихий жойларни зиёрат қилиш ва Гренландия мероси билан танишиш учун боради. Америка вакиллари ҳам ит чана пойгаларида қатнашиш ниятида.
Баёнотда аниқлик киритилишича, Уша Вэнс 29 март куни АҚШга қайтади.
“The New York Times” манбаларга кўра, АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц Гренландиядаги АҚШ ҳарбий базасига бориши кутилмоқда. Унга АҚШ Энергетика вазири Крис Райт ҳамроҳлик қилади. Бу аниқ қачон содир бўлиши очиқланмаган.
Вашингтон маъмуриятининг бошқа расмийлари ҳам Гренландияга ташриф буюриши мумкин. Нашрнинг аниқлик киритишича, “Оқ уй вакили [америкалик] амалдорлар таклиф этилганми, деган саволга жавоб бермаган”.
Қайд этиш жоиз, 13 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШ Даниянинг автоном ҳудуди бўлган Гренландияни аннексия қилишига ишонч билдирди.
“Ҳа, шундай бўлади деб ўйлайман”, деганди у журналистнинг Гренландиянинг “потенциал аннексияси” ҳақидаги саволига жавобан.
Трамп 4 март куни Гренландия аҳолисининг Дания автоном ҳудудини АҚШ таркибига қўшиш ҳақидаги қарорини маъқуллашини айтди. Америка етакчиси аввал ҳам Гренландия Қўшма Штатлар таркибига қўшилиши кераклигини бир неча бор таъкидлаган. У Дания оролдан воз кечмаса, унга юқори савдо божлари қўйиш билан таҳдид қилган. Ҳатто биринчи президентлик даврида Трамп Гренландияни сотиб олишни таклиф қилган. Дания ва Гренландия ҳукумати бу фикрни рад этди.
Гренландия автоном ҳудуд сифатида Дания таркибига киради. 1951 йилда Вашингтон ва Копенгаген ўзларининг НАТО иттифоқидаги мажбуриятларига қўшимча равишда Гренландия мудофаа шартномасини имзолаган. Унга кўра, Қўшма Штатлар оролни агрессиядан ҳимоя қилиш мажбуриятини олди. Бу ерда ракета ҳужумидан огоҳлантириш тизими ва Арктика зонасини бошқариш вазифаларини бажарадиган Американинг Питуффик космик базаси жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, Трамп ҳали расман Президент сифатида лавозимига киришишидан олдин – 7 январь куни унинг ўғли кичик Дональд Трамп Гренландиянинг Нуук шаҳрига борганди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
18:15
Тренддагилар


