Трамп АҚШ Гренландияни аннексия қилишини айтди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг ишончи комилки, АҚШ Гренландияни аннексия қилади. Бу ҳақда кеча, 13 март куни Оқ уйда НАТО Бош котиби Марк Рютте билан учрашувда маълум қилди.

“Менимча, шундай бўлади. Бизга бу (Гренландия) халқаро хавфсизлик учун керак”, деди у оролнинг аннексия қилиниши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан.

У, шунингдек, Рютте Гренландиянинг АҚШга қўшилишида “муҳим роль” ўйнашига ишонч билдирди.

Ўз навбатида, Марк Рютте “НАТОни бу масала бўйича муҳокамаларга тортмоқчи эмаслигини” айтди, лекин Россия ва Хитойнинг ушбу минтақага қизиқиши ортиб бораётганлиги сабабли Арктика хавфсизлиги учун Гренландия муҳимлигини тан олди.

Гренландияни ўз ичига олган Дания парламентининг мудофаа қўмитаси раиси Расмус Жарлов ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги  саҳифасида АҚШнинг оролга даъволари “икки НАТО давлати ўртасида урушга” олиб келиши мумкинлигини ёзди ва Марк Рюттенинг Трамп билан учрашувдаги хатти-ҳаракатларини ҳам танқид қилди.

“Гренландия Даниядан дарҳол мустақилликка қарши овоз берди ва ҳеч қачон америкалик бўлишни хоҳламайди”, дея қўшимча қилди Ярлов.

Маълумот учун, Гренландиянинг Даниядан мустақиллиги бўйича референдум ўтказиш тарафдори бўлган мухолифатдаги “Demokraatit” ("Демократлар") партияси 12 март куни бўлиб ўтган оролдаги парламент сайловларида деярли 30 фоиз овоз олиб, биринчи ўринни эгаллади.

Иккинчи ўринда Гренландиянинг имкон қадар тезроқ мустақилликка эришиш тарафдори бўлган мухолифатдаги “Naleraq” ("Веха") партияси жой олди.

Ҳукмрон сўл-яшил партия “Inuit Ataqatigiit”  (Халқ ҳамжамияти) ва унинг коалициядаги ҳамкорлари “Siumut” (Олдинга) мос равишда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллади. Улар, шунингдек, оролни Даниядан ажратиш бўйича референдум ўтказилишини қўллаб-қувватламоқда, бироқ унинг вақтини ҳали белгилагани йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Гренландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг