Трампнинг ўғли Гренландияга борди

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 1979 йилдан бери Дания таркибида автоном мақомга эга Гренландияни назорат қилиш истагини яна бир бор таъкидлаганидан икки ҳафта ўтиб, унинг ўғли кичик Дональд Трамп оролнинг Нуук шаҳрига борди. Бу ҳақда "The Guardian" хабар берди.

Бугун, 7 январь куни ён томонида “Трамп” ёзуви бўлган Boeing 757 самолёти аэропортга қўнди.

Трамп ўғлининг Гренландияга саёҳати ҳақида кеча, 6 январь куни Truth Social'даги саҳифасида эълон қилганди. 

"Менинг ўғлим, кичик Дон ва турли вакиллар у ерга энг ажойиб ва диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиш учун боради", деб ёзган эди у.

Дания Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, бу маълумотни эътиборга олганини маълум қилди.

“Бу Американинг расмий ташрифи бўлмагани учун Дания Ташқи ишлар вазирлиги бошқа изоҳ бермайди”, дейилади ТИВ баёнотида.

Дания Бош вазири Метте Фредериксен TV 2 телеканалига берган интервьюсида Гренландия "сотилмас"лигини таъкидлади. Гренландия Бош вазири Муте Эгеде ҳам Қўшма Штатлар билан ҳар қандай келишув эҳтимолини рад этди.

"Гренландия бизга тегишли. Биз сотмаймиз ва ҳеч қачон сотилмаймиз. Озодлик учун узоқ давом этган курашимизни бой бермаслигимиз керак", деб таъкидлади у.

Дональд Трамп 2017-2021 йиллардаги биринчи президентлик даврида Даниядан Гренландияни сотиб олишни режалаштираётганини маълум қилган. Бу кейинчалик Вашингтон ва Копенгаген ўртасида дипломатик совуқликка олиб келди. Дания Бош вазири Фредериксен бу ғояни “абсурд” деб атаган.

2024 йил 22 декабрь куни АҚШнинг сайланган президенти Truth Social'да тадбиркор ва дипломат Кен Ховерини Копенгагенга элчи этиб тайинлашини маълум қилди.

"Бутун дунёда миллий хавфсизлик ва эркинлик учун Қўшма Штатлар Гренландияга эгалик қилиш ва назорат қилишни мутлақ зарурат деб билади. Кен Қўшма Штатлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун ажойиб иш қилади", деб ёзади республикачи.

Американинг консерватив газетаси "New York Post" 23 декабрь куни Трамп атрофидаги манбаларга таяниб, у дунёдаги энг катта оролни эгаллашга жиддий ёндашгани ҳақида хабар берди. Дания ҳукумати эса декабрь ойида Гренландиядаги мудофаа харажатларини камида 1,5 миллиард долларга оширишини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Трампнинг Гренландияни АҚШга қўшиш бўйича баёнотлари фонида Дания 500 йилдан бери амал қилиб келаётган давлат гербини ўзгартиришга қарор қилганди. Дания қироли Фредерик Х гербдан учта тож тасвирини олиб ташлашни буюрди. Ушбу тожлар Даниянинг Норвегия ва Швеция билан бир вақтлар ягона унияда бўлганини ифодалаган. Эндиликда гербда Гренландияни ифодаловчи оқ айиқ ҳамда Фарер оролларини ифодаловчи қўчқор алоҳида акс этади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Дания Гренландия кичик Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг