Байроқдаги янги юлдузлар. АҚШ қандай қилиб ҳудудларни сотиб олган ва босиб олган?
Таҳлил
−
13 Январь
9022Президентлик сайловларида ғалаба қозонган дастлабки икки ой ичида Дональд Трамп Канада, Дания ва Панамага ҳудудий даъволарини эълон қилишга муваффақ бўлди. АҚШнинг сайланган президенти канадаликлар ўз мамлакатларини АҚШнинг 51-штати сифатида кўришига ишонишини айтди. Панама каналини қайтаришга ваъда берди ва ниҳоят Қўшма Штатлар Дания Гренландияга эгалик қилиши ва назорат қилиши кераклигини айтди. Боз устига, охирги ҳолатда Трамп аввалига оролни сотиб олиш ҳақида гапирган, кейин эса куч ишлатишни истисно этмаган.
Қўшма Штатлар тарихида ҳудудларни сотиб олиш, ерларни тортиб олиш ва ўзини ўзи эълон қилган республика бўйича референдум бўлган.
Луизианани сотиб олиш
Америка мустақиллиги 13 та мустамлака (ҳозирги шимоли-шарқий штатлар)нинг Буюк Британия билан кураши билан бошланди. 30 йилдан камроқ вақт ичида АҚШ ҳудуди икки баравардан кўпроққа кўпайди. 1795 йилда ҳинду қабилалари билан урушдан сўнг, Гринвилл шартномаси тузилди, унга кўра Қўшма Штатлар ҳозирги Огаё штатининг кўп қисмини назорат қилди. Миссисипи дарёсининг шарқидаги ҳудудлар аста-секин ўзлаштирилди. Аммо энг катта харид 1803 йилда амалга оширилган – бу Луизиана хариди эди.
1763 йилда Франция Испанияга Миссисипининг ғарбий қисмидаги, замонавий Қўшма Штатлар бўйлаб шимолдан жанубга чўзилган зарар кўрган хориждаги ҳудуди Луизианани берди. Испания қиролликка доимий йўқотишлар олиб келган ерлардан ҳеч қачон фойдаланмади ва 1800 йилда Луизианани французларга қайтариб берди. 1803 йилга келиб, ҳудуд ниҳоят Францияга ўтди ва у дарҳол уни Қўшма Штатларга сотди.
Наполеон Бонапарт – ўша пайтда ҳали император бўлмаган, лекин республиканинг биринчи консули – хориждаги мулкини сақлаб қололмаслигини тушунди ва фойдали битим тузди: фойдасиз ҳудуд учун 15 миллион доллар. Натижада, Президент Томас Жефферсон 2,1 миллион квадрат километр, яъни бутун 13 та колониядан каттароқ майдонни эгаллаш тўғрисида шартнома имзолади.
Флоридани сотиб олиш
ХIХ аср бошларида Испания муаммоли ҳудудлардан халос бўлишда давом этди. Наполеон урушлари даврида қироллик Жанубий Америкадаги колониялари устидан назоратни йўқота бошлади. Флорида ҳам нотинч эди: 1818 йилда генерал Эндрю Жексон (кейинчалик Қўшма Штатларнинг 7-президенти) Америка ҳудудига Семинол рейдларининг олдини олиш учун иккита испан қалъасини эгаллаб олди. Натижада, Франциядан ўрнак олиб, Испания Флоридани АҚШга сотишни танлади.
Аниқроғи, Испания Флоридани текинга берди. Аммо Америка томонида Давлат котиби Жон Куинси Адамс (яна бўлажак президент) томонидан имзоланган шартномада бир қанча шартлар бор эди. Биринчидан, Қўшма Штатлар ўз фуқароларининг Испания ҳукуматига қарши даъволарини тўлашга ваъда берди (ва жами 5,5 миллион доллар тўлади). Иккинчидан, Қўшма Штатлар Техас ва Шимолий Америкадаги бошқа испан колонияларига бўлган даъволаридан воз кечди.
Ўзини Техас Республикаси деб эълон қилган
Техасга даъво қилмаслик ҳақидаги ваъда тўлиқ бажарилмади. 1835 йилда Техаснинг инглиз тилида сўзлашувчи кўчманчилари ўша пайтда мустақил давлатга айланган Мексика ҳукуматига қарши исён кўтарди. Техасликларнинг норозилигининг асосий сабабларидан бири Мексикада қулликнинг бекор қилиниши эди.
Олти ой ичида исёнчилар ҳукумат армиясини мағлуб этишга ва ҳатто президент Санта Аннани қўлга олишга муваффақ бўлди. 1836 йилда томонлар Техас Республикасининг мустақиллигини ўрнатиш тўғрисидаги шартномани имзолади ва бу ҳудуднинг муҳим қисмини ноаниқ мақомда қолдирди. Расмий равишда Қўшма Штатлар урушга ҳам, республиканинг кейинги чегара тўқнашувларига ҳам аралашмаган, аммо кўнгилли отрядлар доимий равишда Техасга юборилган.
1845 йилда АҚШ ва Техас ҳукуматлари бирлашишга келишиб олди ва Техас тенг ҳуқуқли давлат сифатида иттифоққа кирди. Бироқ ҳудуднинг қонсиз кенгайиши Мексика билан урушга олиб келди.
Мексика ерлари
1846 йилда, Техас аннекция қилинганидан кўп ўтмай, Қўшма Штатлар ва Мексика ўртасидаги муносабатлар тезда ёмонлаша бошлади. Қўшма Штатлар урушга тайёргарлик кўришни бошлади, бироқ айни пайтда Мексика ҳудудлари – Калифорния (25 миллион долларга) ва Нью-Мексико (5 миллион доллар) ни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борди. Бу вақт ичида Мексикадаги ҳукумат яна бир бор ўзгарди, янги ҳукумат эса сотиш таклифини ҳақоратли деб ҳисоблади. Шундан сўнг, Мексика ҳукумати Техасга даъволарини эълон қилди.
Мексика қўшинлари баҳсли ҳудудга кириб, Америка патрулини ўтказди, шундан сўнг АҚШ президенти Жеймс Полк Конгрессга Мексика “бизнинг ҳудудимизга бостириб кирди ва Америка тупроғида Америка қонини тўкди” деб эълон қилди.
Уруш Мексика армиясининг тўлиқ мағлубияти билан якунланди. Урушнинг энг бошида, 1846 йил августда Қўшма Штатлар Калифорния ва Нью-Мексикони аннекция қилди. 1848 йилда тинчлик шартномаси имзоланди, унга кўра Мексика бу провинцияларни АҚШга берди. Техас, шу жумладан, Мексика суверен ҳудудининг ярмидан кўпини йўқотди.
Қўшма Штатларда кўплаб сиёсатчилар Мексика билан урушга қарши чиқди ва генерал Улисс Грант кейинчалик фуқаролар уруши (1861-1865) “гуноҳлар учун жазо” ва Мексика ҳудудларини қўшиб олиш оқибати эканини айтди.
Аляскани сотиб олиш
Қитъанинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган ҳудудни ўрганишни бошлаган биринчи европаликлар рус савдогарлари эди. 1799 йилдан бошлаб Аляска шу мақсадда махсус яратилган Россия Америка компанияси томонидан бошқарилади.
Россия империяси Алясканинг табиий ресурсларга бой эканини билар эди, аммо ҳукумат бу ҳудудни эгаллаш осон эмаслигини тан олди.
“Шимолий Америка штатлари муқаррар равишда бутун Шимолий Америкага тарқалади ва биз эртами-кечми Шимолий Америкадаги мулкимизни уларга беришимиз кераклигини ёдда тутмай иложимиз йўқ”, деб ёзган эди 1853 йилда Шарқий Сибир генерал-губернатори Муравьёв-Амурский.
Бир йил ўтгач, Қўшма Штатлар Россия империясидан Аляскани сотиб олишни таклиф қилди. Битим 1867 йилда якунланди: Россия Шимолий Америкадаги 1,5 миллион квадрат километр майдонга эга бўлган мулки учун 7,2 миллион доллар олди. Россия бу маблағнинг катта қисмини ўзининг темирйўл инфратузилмасини яхшилашга сарфлади.
Испания ороллари
1898 йилда Қўшма Штатлар ўша пайтда Испания мустамлакаси бўлган Кубага ёрдам беришга қарор қилди. Куба қўзғолончиларига ёрдам бериш учун америкалик кўнгиллиларнинг бўлинмалари юборилди ва “Мэн” жанговар кемаси орол қирғоқларида саёҳат қилди. Кемани вайрон қилган портлаш (замонавий тарихчилар портлаш ташқи таъсирсиз содир бўлган деб ҳисоблайди) урушга сабаб бўлди.
Қўшма Штатлар урушда ғалаба қозонди ва тинчлик шартномаси шартларига кўра Куба, Пуэрто-Рико, Филиппин ва Гуамни қабул қилди. Куба 1902 йилда мустақилликка эришди, аммо Америка таъсири остида қолди. Филиппин 1946 йилда суверенитетга эришди. Пуэрто-Рико ва Гуам ҳеч қачон штат бўлмаган, аммо ҳали ҳам Америка Қўшма Штатларининг бир қисмидир.
Гавайи оролларининг аннекция қилиниши
ХИХ асрнинг охиригача Гавайи мустақил қироллик эди. 1893 йилда АҚШ Давлат департаменти кўмагида оролларда давлат тўнтариши содир бўлди. Қиролича тахтдан ағдарилди, монархия ўрнига республика ташкил этилди, ҳукуматга АҚШга қўшилиш тарафдорлари кирди.
Испания-Америка уруши пайтида АҚШ президенти Уильям Мак-Кинли Гавайи оролларини қўшиб олиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Икки йил ўтгач, ороллар ўзини ўзи бошқарадиган ҳудуд мақомини олди ва 1959 йилда Гавайи Қўшма Штатларнинг 50-штати бўлди – ҳозирги кунгача.
LiveБарчаси