АҚШ Маҳмуд Аббос ва Фаластин расмийларининг визасини бекор қилди

Олам

image

АҚШ маъмурияти жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этиш учун борган Фаластин озодлик ташкилоти ва Фаластин маъмурияти вакиллари учун визани бекор қилди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Давлат департаменти хабар берди.

Вашингтоннинг виза чекловлари ҳақидаги қарори 80 нафар Фаластин расмийсига, жумладан Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосга ҳам таъсир қилди. АҚШ Давлат департаменти Фаластин озодлик ташкилоти (FLO) ва Фаластин маъмурияти вакиллари учун визани бекор қилишини эълон қилганидан кейин бу масала кун тартибида қолмоқда. Фақат Фаластиннинг БМТдаги миссияси аъзолари учун истисно қилинган. Аббос БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилиши кутилган эди. Бундан ташқари, БМТ сессияси давомида Канада, Буюк Британия, Франция ва Австралия каби қатор Ғарб давлатлари Фаластин давлатини тан олганини расман эълон қилиш ниятида.

Давлат департаментининг таъкидлашича, виза чекловлари Фаластин расмийларини “ўз мажбуриятларини бажармагани ва тинчлик истиқболларига путур етказгани сабабли жавобгарликка тортиш” учун қилинган. Оқ уйнинг қўшимча қилишича, АҚШ ўз виза тизимидан террорчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган шахслар томонидан қўлланилишининг олдини олиш учун чоралар кўрмоқда.

Европа Иттифоқи АҚШ расмийларини Фаластин маъмурияти аъзоларига виза бермаслик ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди . Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби идораси виза чекловлари ҳақида ОАВ хабарларидан билганини ва бу масалани ўрганиш ниятида эканини билдирди.

“Биз бу ерга келиш ҳуқуқига эга бўлган барча дипломатлар ва делегатлар эркин ҳаракатланишини истардик”, деди БМТ вакили.

БМТда ташкилотга аъзо 193 давлатдан 147 таси Фаластинни давлат сифатида тан олади ва 2012 йилдан бери Бош Ассамблеяда аъзо бўлмаган кузатувчи давлат мақомига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

виза БМТ Нью-Йорк Маҳмуд Аббос

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг