АҚШ эронпараст қуролли гуруҳларга қарши ҳужум бошлади

Олам

image

Америка Қўшма Штатларининг Ҳарбий-ҳаво кучлари кеча, 27 июнь куни Ироқ ва Сурия чегарасидаги эронпараст қуролли гуруҳларга қарши ҳаво ҳужумларини бошлади. Бу ҳақда Пентагон ўзининг веб-сайтида хабар берган.  

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида тегишли кўрсатмалар АҚШ Президенти Жо Байден томонидан берилганини маълум қилган. 

“АҚШ ҳарбийлари бугун кечқурун Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган исёнчи гуруҳлар Ироқ-Сурия чегарасидаги минтақада фойдаланадиган нишонларга қарши ҳаво ҳужумларини бошлади. Ушбу объектлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳлар томонидан фойдаланилгани учун танланган, чунки улар АҚШнинг Ироқдаги шахсий таркиби ва иншоотларига қарши ҳужумларни амалга оширмоқда”, дейилган хабарда. 

Маълумотларга кўра, зарбалар Суриянинг иккита ва Ироқнинг бир жойидаги қурол-яроғ жиҳозлари ва омборхоналарига қаратилган. Пентагон маълумотларига кўра, ушбу иншоотлардан Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган бир неча жангари гуруҳлар, жумладан “Катаиб Ҳизбуллоҳ” ва “Катаиб Саййид аш-Шуҳад” ташкилотлари фойдаланган. 

“Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳларнинг АҚШнинг Ироқдаги манфаатларини нишонга олаётган бир қатор ҳужумларини ҳисобга олган ҳолда, Президент бундай ҳужумларнинг олдини олиш учун қўшимча ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишни буюрди”, дейилган баёнотда. 

АҚШ ҳарбийларининг қўшимча қилишича, Америка томони “эскалация хавфини чеклаш”га қаратилган “зарур ва ўринли ҳаракатлар”ни амалга оширган. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 18 июнь куни Эронда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. Сайловларда 60 ёшли сиёсатчи Иброҳим Раисий ғалаба қозонди. Раисий ўз навбатида Жо Байден билан учрашиш ниятида эмаслигини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия Ироқ

Баҳолаганлар

357

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг