Янги Президентнинг айтар сўзи бор. Эронни қандай ўзгаришлар кутиб турибди?
Олам
−
21 Июнь 2021
10063Эрон халқи ўзгаришларни, коррупцияга қарши курашишни ҳамда фаровонликни талаб қилмоқда ва бу талаблар янги ҳукумат томонидан бажарилади. Бу ҳақда бугун, 21 июнь куни Эроннинг янги сайланган Президенти Ибоҳим Раисий мамлакат раҳбари сифатида ўтказган биринчи матбуот анжуманида маълум қилди.
“Эрон халқининг истаги — ўзгариш, Эрон халқининг хоҳиши — коррупция, қашшоқлик ва камситишларга қарши кураш, шунингдек адолатга эришиш”, дейди Эрон Президенти.
Раисийнинг қўшимча қилишича, янги ҳукумат халқнинг истак ва хоҳишларини, албатта, эшитиши керак.
Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг устувор йўналишлари — ишбилармонлик муҳити, одамлар ҳаёти ва ҳукуматдаги вазиятни яхшилаш, шунингдек маъмурий тизимни ислоҳ қилиш ҳамда ўзгаришларга тўсқинлик қиладиган анъанавий бюрократияни йўқ қилиш.
Ядро шартномаси
Раисийнинг таъкидлашича, бошқа томонлар ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарса, Эроннинг янги ҳукумати ядровий келишувни қўллаб-қувватлайди.
“Бизнинг талабимиз шундан иборатки, сиз келишув шартларини бажаришингиз керак, шунда биз ўзимизникини бажарамиз”, дейди у янги ҳукумат учун ядровий келишувнинг аҳамияти ҳақидаги саволга жавоб бериб.
Раисийнинг қўшимча қилишича, Эроннинг манфаатлари таъминланмаса, расмий Теҳрон ядровий битим бўйича музокаралар олиб бормайди. Матбуот анжуманида Эроннинг янги Президенти АҚШни “Қўшма ҳаракат режаси” бўйича ўз мажбуриятларига қайтишни сўраган.
“АҚШ шартномани бузди ва келишувдан чиқди. Европаликлар эса ўз мажбуриятларини бажармаяпти. АҚШ келишувга қайтиши, Европа давлатлари эса Американинг босимига берилмаслиги керак”, дейди у.
Маълумот ўрнида, 2015 йил 15 июлда расмий Теҳрон ва 5+1 (АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Хитой ва Россия) Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш эвазига мамлакат ядро дастури бўйича келишувга эришганди. Унга кўра, Эрон МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) инспекторларининг мамлакат ядро иншоотларига ташриф буюришига рухсат бериши керак эди. Ўз навбатида, Ғарб давлатлари бунинг эвазига Эрондан санкцияларни босқичма-босқич олиб ташламоқчи эди. Бироқ, 2018 йилда Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШ кўплаб шартномалар қатори ушбу келишувдан ҳам расман чиқди. Бунга жавобан Эрон ўзига юклатилган мажбуриятларни баражришдан бош тортди.
Эроннинг янги Президенти Жо Байден билан учрашиш ниятида эмаслигини айтди
“Мен Америка Қўшма Штатлари Президенти билан учрашиш ниятида эмасман. Биз Байден маъмурияти билан мулоқотни бошлашимиз учун АҚШ ўзининг самимийлигини тасдиқлаши керак”, дейди Раисий.
Қайд этиш керакки, Австриянинг Вена шаҳрида жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб расмий Теҳрон билан халқаро “бешлик” (Россия, Буюк Британия, Германия, Хитой ва Франция) ўртасида Эрон ядровий келишувини тиклаш мақсадида юзма-юз музокаралар олиб борилмоқда.
Учта ишчи гуруҳ мутахассислари Эрон ядро дастури бўйича “Қўшма ҳаракат режаси”ни тиклаш учун келишув матнини ишлаб чиқмоқда. Унда АҚШни яна битимга қайтариш, Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ва расмий Теҳроннинг ядровий мажбуриятларни бажариши кўзда тутилмоқда. АҚШнинг ушбу келишувга қайтиш эҳтимоли бўлса-да, ҳозирча расмий Вашингтон ва Теҳрон вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтмади.
Эроннинг Саудия Арабистони билан алоқалари
Раисийнинг сўзларига кўра, расмий Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасидаги мулоқотни тиклаш ҳамда икки давлат элчихоналарини қайта очиш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ.
“Саудия Арабистонига келсак, биз дунёнинг барча давлатлари, айниқса қўшнилар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Саудия Арабистони билан икки ўртадаги элчихоналарни қайта очишга ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Биз бу ҳақда олдин ҳам айтганмиз ва ҳозир ҳам шу фикрдамиз”, дейди янги Президент.
Маълумот ўрнида, Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги навбатдаги инқироз йирик шиа олими Оятуллоҳ Нимр ан-Нимрнинг 2012 йилда ҳибсга олиниб, 2016 йил 2 январда Саудия Арабистонида қатл қилинишидан сўнг келиб чиқди. Нимр ан-Нимр — Ал-Сауд (Саудия Арабистонини бошқараётган сулола) режимини танқид қилган ва диний озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилишга ҳамда қиролликда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга чақирган шиалар илоҳиётчиси.
Нимр ан-Нимр қатл қилинган кеча ғазабланган эронлик намойишчилар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳаддаги консуллиги ҳудудига бостириб кирди. Бунга жавобан Ар-Риёд Теҳрон билан муносабатларни бузди. Баҳрайн, Судан ва Жибути Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, БАА Эрондаги дипломатик ваколатхонаси даражасини пасайтирди, Қувайт ва Қатар эса ўз элчиларини чақириб олди. Эрон ва араб давлатлари муносабатлари шу билан узилиб қолди.
Ямандаги уруш
Раисийнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони иложи борича тезроқ Яманнинг ички ишларига аралашиш ҳамда ушбу мамлакатда уруш олиб боришни тўхтатиши керак.
Маълумот ўрнида, Яманда 2014 йил августдан бери ҳукумат кучлари ва ҳутийларнинг қуролли тузилмалари ўртасидаги тўқнашув давом этмоқда. Ушбу уруш 2015 йилнинг март ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг Яманга бостириб кириши билан ўзининг энг фаол босқичига чиқди. Кўп йиллик зиддиятлар мамлакатда йирик гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. БМТ маълумотларига кўра, 24 миллиондан ортиқ яманликлар — мамлакат аҳолисининг тахминан 80 фоизи инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Бундан ташқари 3 миллиондан ортиқ киши мамлакат бўйлаб кўчиб юришга мажбур.
Эслатиб ўтамиз, замонавий Эрон тарихидаги ўн учинчи президентлик сайлови жорий йилнинг 18 июнь куни бўлиб ўтди. Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 48,8 фоизи иштирок этган. Шунинг ярмидан кўпи, аниқроғи 17,9 миллион киши Раисийга овоз берган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15