Эронга янги Президент сайланди
Олам
−
19 Июнь 2021
12151Кеча, 18 июнь куни Эронда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. Ҳозиргача 28,6 миллион бюллетен саналган ва айни вақтда 60 ёшли сиёсатчи Иброҳим Раисий 17,8 миллион овоз билан етакчилик қилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси расмий натижани эълон қилмаган бўлса-да, сиёсатчилар Эрон суд ҳокимиятининг раҳбари Иброҳим Раисийни президентлик сайловидаги ғалаба билан табриклашни бошлаган. Жумладан, Эроннинг амалдаги раҳбари Ҳасан Руҳоний ва президентликка номзод Муҳсин Ризоий Раисийни қутлади.
Маълумот учун, Иброҳим Раисий 2019 йилдан бери Эрон суд ҳокимиятининг раҳбари бўлиб, ундан аввал бош прокурор вазифасини бажарган. AҚШ санкцияларига учраган 60 ёшли сиёсатчи ўзининг сайлов олди дастурида қашшоқлик ва коррупцияга қарши курашишга, тўрт йил ичида 4 миллион янги уй қуришга ва “Эронда кучли халқ ҳокимияти” ни барпо қилишга ваъда берган. 2017 йилда ҳам Иброҳим Раисий президентлик учун номзодини қўйган, аммо Ҳасан Руҳонийга ютқазган эди. Илгари расмий Теҳрон ва олтита халқаро воситачилар ўртасида Эрон ядро дастури бўйича имзоланган битимни қаттиқ танқид қилган Раисий сайлов бошланишидан аввалроқ агар AҚШ битимга қайтадиган бўлса, битим шартларини бажаришга тайёрлигини билдирган.
Қайд этиш керакки, президентлик пойгасида дастлаб 7 киши бор эди, аммо ҳафта охирига бориб 3 киши ўз номзодини қайтариб олишди. Эрон етакчилиги учун эса 1980 – 1990-йилларда Ислом инқилоби посбонлари корпусини бошқарган Муҳсин Ризоий, Эрон Марказий банкининг собиқ раҳбари Aбдулносир Ҳимматий, парламент раиси ўринбосари Aмир Ҳусайн Қозизода Ҳошимий ва Эрон суд ҳокимиятининг раҳбари Иброҳим Раисий ўз номзоди билан иштирок этишди. Aмалдаги Президент Ҳасан Руҳоний ушбу лавозимни кетма-кет икки муддат эгаллагани туфайли сайловда қатнашмади.
Эрон оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, кеча бўлиб ўтган сайловда аввалгиларига қараганда кам одам қатнашган. Овоз берувчиларнинг камлигига коронавирус билан бир қаторда кўпчилик ўзларини ултра-консерватив номзод фойдасига манипуляция қилинган, деб ҳисоблаганлиги ҳам сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон қонунларига кўра, президент келиб чиқиши эронлик бўлган, дини ва эътиқоди Эрон Ислом Республикаси қадриятларига ва мамлакат расмий динига мос, мамлакат фуқаролигига, ташкилотчилик қобилиятига, муносиб таржимайи ҳол ва тақвога эга диний ва сиёсий арбоблар орасидан сайланади.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь