АҚШ элчихонаси Бакуда кутилаётган терактдан огоҳлантирди

Олам

image

АҚШнинг Озарбайжондаги элчихонаси мамлакат пойтахти Бакуда теракт уюштирилиши ва америкаликлар ўғирлаб кетилиши ҳақидаги ишончли маълумотларни қўлга киритгани ҳақида расмий баёнот билан чиқди

Қайд этилишича, АҚШнинг Бакудаги элчихонаси Озарбайжон пойтахтида юз бериши мумкин бўлган террористик ҳужумлар, шунингдек АҚШ фуқаролари ва чет элликларнинг ўғирланиши тўғрисида ишончли маълумот олган. 

Террористик ҳужумлар шаҳардаги меҳмонхоналарда ёки "Бакунинг бошқа жойларида" амалга оширилиши мумкин. АҚШ фуқароларига чет элликлар йиғиладиган жойларда ўта эҳтиёткор бўлиш тавсия қилинмоқда. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 23 октябрь куни Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байромов АҚШга ташрифи давомида Давлат котиби Майкл Помпео билан учрашиб, Арманистоннинг бузғунчи сиёсати, тинч аҳолининг ўққа тутилаётгани, хорижий ёлланма аскарлар ва террорчилар жалб қилинаётганидан огоҳлантирганди. 

Аввалроқ, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакат Қуролли кучлари Қорабоғ жанубида Эрон билан чегарадош ҳудудларни тўлиқ назоратга олганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида сулҳга эришди. Аммо бу сулҳнинг умри бир неча соат давом этди. Кейинроқ, томонлар яна ўт очишни тўхтатишга қарор қилди. Бу сафар ҳам бу режим узоққа бормади.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ элчихонаси

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг