АҚШ Беларусдаги элчихонасини ёпди

Олам

image

АҚШ Давлат департаменти Беларуснинг Минск шаҳридаги элчихона фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида айтилган. 

Шунингдек, ТИВ АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ходимларининг бир қисмини Россияни тарк этишига рухсат берган. Бу "фавқулодда вазиятда" ишламаётганлар ва уларнинг оилаларига тегишли.

“АҚШ Давлат департаменти Беларусь пойтахти Минск шаҳридаги элчихонамиз фаолиятини тўхтатди ва Москвадаги элчихонамизнинг фавқулодда вазиятларда бўлмаган ходимлари ва оила аъзоларининг ўз ихтиёри билан кетишига рухсат берди. Биз бу қарорни Россия ҳарбий кучларининг Украинадаги асоссиз ҳужумидан келиб чиққан хавфсизлик масалалари туфайли қабул қилдик", дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Давлат департаменти бутун дунё бўйлаб элчихоналар ва консулликлардаги ўз позициясини ўз миссияси, маҳаллий хавфсизлик муҳити ва соғлиқни сақлаш ҳолатига мувофиқ равишда доимий равишда ўзгартиради.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг